Масъулият ва натижа: ЙТҲни камайтиришнинг янги ёндашувлари
2026-02-18 12:00:00 / Янгиликлар

2025 йил июль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги вазиятни кескин танқид қилиб, ҳар тўртинчи йўл-транспорт ҳодисасида инсон ҳалок бўлаётганини, ўртача ҳар куни олти нафар фуқаро ЙТҲ оқибатида ҳаётдан кўз юмaётганини таъкидлади. Давлат раҳбари назоратни кучайтириш ва йўл инфратузилмасини модернизация қилишни талаб қилди.
Бироқ жорий йил январь ойида ўтказилган таҳлиллар йўл-транспорт ҳодисалари сони атиги 1,5 фоизга камайганини кўрсатди (2024 йилда 9 364 та ҳолат қайд этилган). Шу билан бирга, ЙТҲ оқибатидаги ўлимлар сони ҳам сезиларли даражада қисқармаган — 2024 йилдаги 2 203 нафардан 2025 йилда 2 188 нафарга тушган. Болалар иштирокидаги ҳодисалар қисқариши динамикасини ҳам ижобий деб бўлмайди: ЙТҲ сони тахминан 9,6 фоизга, ҳалок бўлганлар сони эса 12,8 фоизга (36 нафар вояга етмаган шахсга) камайган. Демак, муаммо ҳануз долзарблигича қолмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи генерал-майор Р.М. Джураев лавозимга киришганидан буён йўлларда хавфсизликни таъминлашни устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб, ЙТҲни камайтириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини комплекс таъминлаш масалаларини шахсий назоратига олди.
Республика ЙҲХХ йиғилишида, шунингдек Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларига хизмат сафарлари давомида ҳудудий ЙҲХХ бошқармалари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланар экан, департамент раҳбари йўлларда хавфсизликни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмаётганини танқид қилди. Йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитлар тизимли таҳлил қилинмаётгани, энг муҳими, тегишли хулосалар чиқарилмаётгани қайд этилди. Бу эса ҳар бир раҳбар ва ҳар бир инспекторнинг шахсий масъулиятини ошириш заруратини кўрсатади.
Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари муаммоси глобал тусга эга. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича қарийб 1,19 миллион киши ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлади. Йўл-транспорт жароҳатлари 5–19 ёшли болалар ва ўсмирлар ўртасида ўлимнинг етакчи сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Халқаро экспертлар баҳосига кўра, ҳар йили юз минглаб вояга етмаганлар турли даражада жароҳат олади, уларнинг кўпчилиги ногиронликка олиб келади.
Мутахассислар таъкидлашича, мактаблар ва турар жой ҳудудлари яқинида тезликни чеклаш, хавфсиз пиёдалар инфратузилмасини ривожлантириш, болалар автокреслоларидан мажбурий фойдаланиш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам ўқитиш каби самарали чоралар болалар ўртасидаги ўлим ва жароҳатланиш ҳолатларини сезиларли даражада камайтириш имконини беради. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, инфратузилмавий ислоҳотлар, назорат ва тарғибот ишларини уйғунлаштирган комплекс ёндашувгина барқарор натижа беради.
Бундан ташқари, барча йўл ҳаракати иштирокчилари — ҳайдовчи ва пиёдалар ўртасида ҳуқуқий тарбия ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарур. Водий ҳудудларига ташрифлар чоғида кўтарилган барча масалалар зудлик билан ҳал этилиши шартлиги алоҳида таъкидланди.
Раҳбарлар олдига қуйидаги вазифалар қўйилди.
Биринчидан, ҳар бир масъул ходимга муаммоли йўл участкасини (айниқса болалар иштирокидаги ЙТҲ ўчоқларини) бириктириш. Ходим бириктирилган ҳудудда йўл ҳаракати хавфсизлигига таъсир этувчи барча масалалар — ЙТҲ профилактикаси ва ЙҲҚ тарғиботи, йўл белгилари мавжудлиги, йўл қопламасининг ҳолати ва бошқа жиҳатлар учун жавоб беради.
Иккинчидан, ЙҲХХ шахсий таркибида иш устуворликлари иерархияси бўйича аниқ тушунча шакллантириш зарур: биринчи навбатда — муносиб инфратузилмани таъминлашга кўмаклашиш; иккинчи ўринда — ЙТҲ профилактикаси ва йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилиш; учинчи навбатда эса — қоидабузарликларни қайд этиш ва расмийлаштириш.
Учинчидан, ҳар бир ходимнинг хизмат фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини (KPI) жорий этиш таклиф этилди. Бунда қуйидаги кўрсаткичлар инобатга олинади:
- Назорат қилинаётган ҳудудда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш;
- ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар сонини қисқартириш;
- фавқулодда ҳолатлар ва аниқланган қоидабузарликларга ўз вақтида муносабат билдириш;
- аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликлари, жумладан профилактик тадбирлар улуши;
- профилактика чораларини жорий этиш самарадорлиги.
Таъкидланганидек, мазкур чора-тадбирлар йўл ҳаракати хавфсизлигини тизимли равишда яхшилаш ва хизмат ходимлари ўртасида масъулият маданиятини шакллантиришга қаратилган. Фақат комплекс ёндашувгина авариялар ва жароҳатлар сонини сезиларли даражада камайтириш, шунингдек жамиятнинг йўлларда хавфсизлик хизматига бўлган ишончини ошириш имконини беради.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати



