Соҳавий хизматларда. Ҳушёрлик камайса, хавф ортади
2026-02-18 23:00:00 / Янгиликлар

Учтепа туманидаги «Ўрикзор» савдо мажмуаси пойтахтимизнинг энг йирик савдо марказларидан бири сифатида нафақат пойтахт аҳли, балки бутун республикадан ташриф буюрувчи одамлар билан доим гавжум. Шу боис ушбу ҳудудда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш алоҳида масъулият талаб этади.
Йил бошидан буён туман ИИО ФМБ ЖТСБ ППХ 2-отряд ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор ва профилактик тадбирлар натижасида бозор ҳудудида 3 та ўғирлик жинояти фош этилди ва қидирувда бўлган 6 нафар шахс қўлга олинди.
Бу борада отряд инспекторлари, сафдорлар Абдужалил Набиев, Саидкамолхўжа Холматов, Муҳаммаджон Муҳиддинов, Алимардон Акбаров ҳамда Аъзамжон Исмоиловларнинг хизматини алоҳида қайд этиш жоиз, — дейди ИИО ФМБ ЖТСБ ППХ 2-отряд командири ўринбосари, лейтенант Шерзод Авазов.
Бугунги кунда киберфирибгарликнинг янги кўринишлари, айниқса, пластик карталар ва олди-сотди жараёнлари билан боғлиқ алдов ҳолатлари кўп учрамоқда. Шу сабабли, бозор профилактика катта инспектори Аббос Қодиров ППХ ходимлари билан ҳамкорликда фуқаролар ўртасида мунтазам равишда киберхавфсизлик бўйича тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Харидорларга шахсий маълумотларини бегоналарга бермаслик ва шубҳали кўринган харидорлар билан мулоқотда эҳтиёткор бўлиш бўйича тавсиялар берилмоқда.
Ходимларнинг ҳушёрлиги натижасида яқинда яна бир кўнгилсизликнинг олди олинди. Бедарак йўқолган наманганлик йигит-қиз бозорда телефон сотишга уринаётган вақтида ППХ ходимлари томонидан аниқланди. Суҳбат жараёнида улар уйидан қочиб чиқиб кетганлиги маълум бўлди ва ҳолат юзасидан зудлик билан яқинларига хабар берилди.
Бу воқеа соҳа ходимларининг нафақат тартибни сақлаш ишига, балки инсон тақдирига бефарқ эмаслигининг яққол исботи.
Бозор атрофидаги ёлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳам диққат марказида. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси 4-батальон 5-сафарбарлик гуруҳи инспектори, сержант Элбек Ёрбобоев транспорт воситалари ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга масъул.
Унинг таъкидлашича, кўпгина пиёдалар томонидан светофорнинг тақиқловчи ишораларига амал қилмай йўлни кесиб ўтиш ҳолатлари учраб турибди. Бу нафақат қоидабузарнинг, балки бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳам соғлиғини хавф остига қўяди.
Шунингдек, айрим транспорт воситалари эгалари томонидан ҳам қоидабузарликлар содир этилмоқда.
Хусусан, белгиланмаган жойларда тўхташ, тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ва пиёдаларга йўл бермаслик ҳолатлари шулар жумласидан. Бундай вазиятларда профилактик суҳбат ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Қўпол қоидабузарликка йўл қўйганларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилмоқда.
Бозорда хавфсиз болиш учун фақатгина ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракати камлик қилади. Бунинг учун ҳар бир сотувчи ва харидор бирдек огоҳ ва ҳушёр бўлиши керак. Шундагина бозорга келган ҳар бир инсон уйига хотиржам ва яхши кайфият билан қайтади.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.
