Наманган вилояти ИИБ ишчи гуруҳи томонидан Косонсой туманида комплекс ўрганиш ишлари олиб борилди
2026-02-18 09:00:00 / Янгиликлар

Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани тажрибаси асосида самарали тизимни жорий этиш бўйича изчил ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур жараёнлар бошқарма раҳбарияти томонидан мунтазам ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, бошқарма бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Косонсой туманида бўлиб, туман ҳокими, прокурори ва бошқа масъуллар иштирокида «Ифтихор» маҳалласи еттилиги аъзолари фаолиятини атрофлича таҳлил қилди.
Ўрганишлар давомида оила-турмуш доирасида содир этилган ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омиллари чуқур таҳлил этилиб, ушбу турдаги жиноятларнинг барвақт олдини олиш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда манзилли чораларни кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, чегараолди ҳудудида жойлашган «Обод» маҳалласида амалга оширилаётган профилактик ишлар ҳам танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Маҳаллани жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли билан манзилли ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда хавфсизлик чораларини янада кучайтириш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, Косонсой тумани ИИБ ходимларининг ҳудудда жиноятчиликни барвақт олдини олиш бўйича келгусида амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлари юзасидан тақдимоти билан танишилди.
Тақдимот давомида ҳар бир йўналиш кесимида устувор вазифалар белгилаб олиниб, масъул ходимлар зиммасига аниқ топшириқлар юклатилди ҳамда ижроси қатъий назоратга олинди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






