Наманган вилояти ИИБда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди
2026-02-18 09:00:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ИИБда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари иштирокида видеоселектор тарзида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят, шаҳар ва туман даражасидаги масъул раҳбарлар, соҳавий хизмат бошлиқлари ҳамда мутасадди идоралар вакиллари иштирок этиб, муборак «Рамазон» ойи муносабати билан ҳудудларда «Таровеҳ» намози вақтида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар осойишталигини мустаҳкамлаш ва хизмат фаолиятини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда «Рамазон» ойи давомида масжидларда, зиёратгоҳларда ҳамда аҳоли гавжум жойларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар учун зарур шарт-шароитларни яратиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлар тингланди.
Шунингдек, мавжуд камчиликлар кўрсатиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар белгилаб берилди.
Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан барча шаҳар ва туманлардаги масжидларда хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, ички ишлар органлари ҳамда бошқа тегишли хизматлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, транспорт воситалари ҳаракати тартибини тўғри ташкил этиш, тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида вақтинчалик автотураргоҳлар ташкил этиш, ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда ёнғинга қарши техника воситаларининг шай ҳолатини яна бир бор кўрикдан ўтказиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати




