Сурхондарёда ўтказилган стол тенниси бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаси ғолиблари аниқланиб, муносиб тақдирланди
2026-02-17 18:55:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 15–16 февраль кунлари Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида спортнинг стол тенниси тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаси юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 30 октябрда қабул қилинган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6099-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги 735-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.
Мусобақадан кўзланган асосий мақсад — ички ишлар органлари тизимида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни тизимли ва самарали йўлга қўйишдан иборат.
Беллашувларда вазирликнинг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари терма жамоалари иштирок этди. Жами 21 та жамоадан 65 нафар ходим ғолиблик учун ўзаро куч синашишди.
Яккалик баҳслари натижаларига кўра:
3-ўрин — оддий аскар Шарипов Бобур Бахром ўғли;
2-ўрин — 3-даражали сержант Қамбаров Сардоржон Солиёнович;
1-ўрин — кичик сержант Тешабоев Иззатулло Худоёрбек ўғли.
Жуфтлик баҳслари натижаларига кўра:
3-ўрин — Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоаси;
2-ўрин — Қоровул қўшинлари қўмондонлиги;
1-ўрин — Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоаси.
Умумжамоа ҳисобида:
3-ўрин — ИИВ Академияси ҳамда Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоалари;
2-ўрин — Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоаси;
1-ўрин — Қоровул қўшинлари қўмондонлиги жамоаси ғолиб деб топилди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Завқиддин Хўжанов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти — Жисмоний ва жанговар тайёргарликни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Озод Насимовлар томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳамда “Ички ишлар вазири кубоги” тантанали равишда топширилди.
Мазкур мусобақа ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний ва маънавий тайёргарлигини мустаҳкамлаш, жамоавий ҳамжиҳатликни ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








