Ёшлар келажаги – миллат келажаги
2026-02-17 17:50:00 / Янгиликлар

Бугун юртимизда ёшларни гиёҳвандлик ва наркотик моддалар таъсиридан ҳимоя қилиш, улар онгида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу муносабат билан пойтахтдаги Тошкент менежмент ва иқтисодиёт университетида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти раҳбарияти, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси мутасаддилари, талаба ёшлар иштирокида кенг қамровли профилактик-тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида сўнгги йилларда ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг тарқалиши, унинг аянчли оқибатлари ҳамда наркотрафикка қарши олиб борилаётган кескин чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки бутун жамиятнинг умумий вазифаси ҳисобланади.
Мутасаддилар томонидан 2025–2026 йилларга мўлжалланган комплекс миллий дастур доирасида наркожиноятларга қарши курашиш янги босқичга олиб чиқилгани, айниқса, вояга етмаганларни бундай иллатларга жалб қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилгани алоҳида қайд этилди. Таълим муассасалари ҳудудида кучли таъсир қилувчи моддаларни тарқатганлик учун жазоларнинг оғирлаштирилгани ёшлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим қадам экани таъкидланди.
Зеро, гиёҳвандлик — бу фақат жиноят эмас, балки миллат келажагига таҳдиддир. Ёшларни асраш, уларнинг соғлом ва баркамол камол топиши учун давлат идоралари, таълим муассасалари ва энг аввало ота-оналар биргаликда ҳаракат қилгандагина самарали натижага эришиш мумкин.








