Бухорода ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди
2026-02-17 10:45:00 / Янгиликлар

2026 йил 16 февраль куни Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор тарзида ўтказилган мазкур тадбирда вилоят Прокуратураси, ИИБ, Божхона, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, туман-шаҳар прокурорлари ва ички ишлар бўлимлари бошлиқлари иштирок этдилар.
Йиғилишда дастлаб вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари сўзга чиқиб, «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуннинг 4- ҳамда 8-моддаларига асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш прокуратура органларининг асосий вазифаларидан бири эканлигини таъкидлаб, ўз маърузасини ўқиб эшиттирди.
Кенгаш кун тартибидан ўрин олган асосий масала, 2025 йил давомида вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш, бу борадаги муаммолар, жиноятларни фош этиш ҳамда тезкор-қидирув тадбирларининг аҳволи танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.
Маъруза давомида ўтган йил давомида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида йўл қўйилган тизимли камчиликлар санаб ўтилди ва масъулларга қатъий огоҳлантиришлар берилди.
Шу билан бирга, йиғилишда фақат танқидий фикрлар билан чекланиб қолинмади. Ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, жиноятчиликка қарши курашда юксак натижаларга эришган бир гуруҳ соҳа ходимлари алоҳида эътироф этилди. Уларнинг хизматларини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш юзасидан бошқарма бошлиғига тегишли таклифлар киритилди.
Тадбир давомида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари ҳамда соҳавий хизмат раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва келгусида жиноятчиликни жиловлаш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда аниқ таклифларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









