Ҳалолликни шиор қилган ходимлар. Қонунни сотиб олиб бўлмайди
2026-02-17 02:55:00 / Янгиликлар

Жорий йил 4 январь куни тахминан соат 15:00ларда Ғузор тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори, сафдор Жасур Фармонов Ипак йўли кўчасида хизмат олиб бораётган эди. Шу пайт «Дамас» русумли автомашинанинг ҳаракатлари унда шубҳа уйғотди.
Машинани тўхтатиб, автоулов ҳайдовчиси билан мулоқотга киришган инспектор ундан спиртли ичимлик ҳиди анқиётганини сезди. Ҳолат юзасидан ҳайдовчи Р.Т.га нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди, автомашина эса жарима майдончасидан жой олди.
Орадан икки кун ўтди. Ҳайдовчи Р.Т.нинг жонига божаси Ш.С. оро кирмоқчи бўлди, шекилли, маъмурий амалиёт инспектори, кичик сержант Сарвар Улуғмуродовнинг хизмат хонасида пайдо бўлди. Суҳбат давомида Ш.С. божасига нисбатан тузилган баённомани ўзгартириш ва автомашинани жарима майдонидан чиқариб бериши эвазига инспекторга 500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф этди. Кичик сержант С.Улуғмуродов пора олиш ҳам, пора бериш ҳам жиноят эканини фуқарога ҳарчанд тушунтирмасин, у аҳдидан қайтмади. Натижада ходим вилоят ИИБ раҳбариятига билдирги билан мурожаат қилди.
Жорий йил 6 январь куни ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида фуқаро Ш.С. кичик сержант С.Улуғмуродовга 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида қўлга олинди. Ҳозир ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу дунёда сотилмайдиган, сотиб олиб бўлмайдиган нарсалар ҳам бор. Пора берсам, ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолади, деб ўйлаганлар адашади. Зотан, ҳалол ва ўз касбига содиқ ходимлар бор экан, ҳар ким ноқонуний қилмишига яраша жавоб бериши, жазога тортилиши тайин.
Содиқ РАҲИМОВ, ўз мухбиримиз.
Қашқадарё вилояти.
