Бухоро шаҳридаги “Шайх-ул Олам“ маҳалласида хавфсизликнинг янги босқичи: “хонадонбай“ ишлаш тизими амалда
2026-02-16 20:40:00 / Янгиликлар

Бухоро шаҳридаги “Шайх-ул Олам“ маҳалласида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларга старт берилди. Дастлаб, жалб этилган куч ва воситалар иштирокида махсус йўриқнома ўтказилиб, ходимларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Тадбир давомида соҳада “Чилонзор тажрибаси“ни кенг татбиқ этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2 сонли қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш масалалари устувор вазифа сифатида кўрсатиб ўтилди.
Шундан сўнг, бошқарма бошлиғи маҳаллада яшовчи фуқаролар билан бевосита мулоқотга киришди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган суҳбатларда аҳолининг кундалик дарду ташвишлари, хавфсизлик билан боғлиқ муаммолари ҳамда таклифлари тингланди. Фуқаролар томонидан билдирилган жиноятчиликни олдини олишга доир жўяли таклифлар ёзиб олиниб, келгуси фаолият учун “Йўл харитаси“га киритилиши белгиланди.
Шундан сўнг, барча масъуллар маҳалла ҳудудидаги кўп қаватли уйларда “хонадонбай“ хатлов ишларига киришдилар.
Мазкур тадбирларнинг асосий мақсади, ҳар бир хонадонда кимлар ва қандай тоифадаги шахслар яшаётганлигини аниқлаштириш, олинган маълумотлар таҳлилидан келиб чиқиб, келгусида патруллик йўналишларини белгилаш ва ҳудудни қўриқлаш ишларини янгича тартибда ташкил этиш, жиноят содир этишга мойил бўлган ёки аксинча, жиноятдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш ҳамда улар билан якка тартибдаги профилактик ишларни кучайтириш бўлди.
Ушбу ёндашув маҳаллани жиноятдан холи, хавфсиз ва обод ҳудудга айлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









