Хоразм вилояти ИИБда навбатдаги шахсий қабул ўтказилди
2026-02-16 09:30:00 / Янгиликлар

15 февраль куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси маъмурий биносида вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов томонидан фуқароларни қабул қилиш бўйича навбатдаги шахсий қабул ўтказилди.
Шахсий қабулдан кўзланган асосий мақсад — фуқароларнинг мурожаатларини бевосита тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга қонуний ва амалий ечим топиш, шунингдек ички ишлар органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашдан иборат бўлди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан қарийб 40 та мурожаат билдирилиб, улар турли йўналишларни қамраб олди. Жумладан, жиноят ишларини кўриб чиқиш, жамоат тартибини таъминлаш, профилактика инспекторлари фаолияти, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар, ижтимоий масалалар ҳамда маъмурий йўналишдаги муаммолар мурожаатчилар томонидан кўтарилди.
Вилоят ИИБ бошлиғи ҳар бир мурожаатни синчиклаб тинглаб, айрим масалалар бўйича фуқароларга жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берди. Қўшимча ўрганиш ёки тегишли чора-тадбирлар кўришни талаб этган мурожаатлар масъул хизмат ва бўлинмалар раҳбарларига аниқ вазифалар билан юклатилиб, уларнинг ижроси бўйича қатъий назорат ўрнатилди.
Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органлари фаолиятида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини чуқур англаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис бундай шахсий қабуллар аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш ҳамда қонунийликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати








