Юксак мукофот соҳиблари. «Маҳаллам тинчлиги учун қалқонман»
2026-02-15 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳар бир инсон ўз хизмат фаолиятида жамият, халқ, Ватанга наф келтиришни ният қилса, албатта, муваффақиятга эришади. Пастдарғом тумани ички ишлар бўлими 1-сонли ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика катта инспектори, подполковник Аслиддин Султонов ҳам шундай эзгу ниятли ходимлардан ҳисобланади.
Айни дамда «Илм» маҳалласида профилактика инспектори лавозимида хизмат қилаётган бу ходим шу йил 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Президентимиз фармонига мувофиқ «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Маҳаллада 5668 нафар аҳоли 1158 та оилада истиқомат қилади. Лавҳамиз қаҳрамони улар тинчлиги ва аҳиллигини таъминлашга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга масъулият билан ёндашади. Ҳар куни, ҳар соат одамлар орасида.
Мавжуд масала ва муаммоларга қонуний ёндашиб, ечими юзасидан ҳуқуқий маслаҳат беради, айримларини биргаликда ҳал қилади. Муқаддам судланган шахслар билан очиқ мулоқот қилиб, уларга оқилона иш тутишни, қилмишларини такрорламасликни тушунтиради.
Ҳаёт тажрибасида кўрган, яхши тарафга ўзгариб кетган тақдирлардан ҳаётий мисоллар келтиради. Ҳар бир қарорни пухта ўйлаб қилишга чорлайди. Шу боис, маҳаллада турли сабаблар билан рўйхатда турувчи шахслар томонидан жиноят содир этилмади.
Маҳалламиз тинч, аҳолимиз хотиржам. Сабаби маҳалламиз профилактика катта инспектори, подполковник Аслиддин Султонов ўз ишига масъулиятли. Вазифаларини қатъий тартиб асосида бажаради.
Одамларга ҳар бир янги қонун мазмун-моҳиятини, уларнинг эл-юрт манфаатига хизмат қилишини эринмай тушунтиради. Шундан бўлса керак аҳолимизнинг қонунларга ҳурмати, тинчлик ва ободончилик ишига дахлдорлиги анча ортган, — дейди маҳалла раиси Шавқиддин Аллаёров.
У ёшлар, вояга етмаган болалар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор беради. Дарсга бормаган ёки кечаси кўчада дайдиб юрган болаларни кўрса, дарҳол ота-оналари билан гаплашади. Бу ҳаракатини такрорлаганларга нисбатан эса қонуний чоралар кўради. Шу боис, кўчада санғиб юрган ёки қўлида сигарети бор болани, ўсмирни учратмайсиз.
Эл тинчлигини сақлаш бир кишининг иши эмас. Аҳоли ҳушёр бўлмаса — ўғирлик, қонунларни ҳурмат қилмаса — ўзаро низо ва жанжаллар кўпайиши аниқ. Шу боис, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, ҳар бир ножўя хатти-ҳаракатнинг сабаб ва оқибатини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратдим.
Баъзан содир этилган жиноятларни очишда уйқусиз тунлар, ҳаловатсиз кунларим бўлган. Аммо бу қийинчиликлар мени чўчитмайди. Чунки, касбимни севаман. Бу менинг тақдиримга айланган, — дейди подполковник А.Султонов. — Очиғи бу мукофотда маҳалла аҳлининг ҳар бир фуқаросининг ҳиссаси, улуши бор. Аммо у маҳалланинг масъул вакили сифатида менга берилгани, эл орасидаги ҳурматимни, қадримни оширди.
Балки, шаксиз, гумонсиз қилинган хизматнинг нафи ўзингга кўпроқдир, дегани шу бўлса керак. Албатта, бундан кейин ҳам бор куч ва ғайратим билан Ватанимга хизмат қиламан. Маҳаллам тинчлиги учун қалқонман.
Беминнат хизматидан бахт топган инсон ҳақиқий саодат эгаси. Унинг хизматига берилган бу юксак мукофот эса эл тинчлиги йўлида қилган хизматларига эътироф ва муносиб рағбатдир. А.Султоновнинг турмуш ўртоғи Азизахон билан иноқликда тарбиялаб ўстираётган 2 қиз, 2 ўғил уларга келажак таянчи ва суянчидир.
©️ “Postda” газетаси, Умида Мамадалиева, Самарқанд вилояти.
