Мурожаатлар назоратда: жазо ижро этиш тизимида очиқлик ва самарадорлик
2026-02-14 15:00:00 / Янгиликлар

Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва халқ билан мулоқот даражаси жамият тараққиётининг муҳим мезонларидан биридир. Айниқса, жазони ижро этиш тизимида мурожаатлар билан ишлаш масаласи инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади. Шу маънода, ЖИЭД Мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи фаолияти фуқаролар ва маҳкумларнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларга амалий ёрдам кўрсатишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг ўтган бир ойи давомида департамент ҳамда тизим муассасаларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 911 та мурожаат келиб тушган. Олиб борилган тизимли чора-тадбирлар, жойларда ташкил этилган сайёр қабул ва тарғибот ишлари натижасида мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,7 фоизга камайган. Эътиборли, такрорий мурожаатлар 44 %га камайгани иш самарадорлигининг яққол ифодасидир.
Келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти қаноатлантирилган бўлса, айримларига амалдаги Фармон, Қонун ва тегишли буйруқлар асосида ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва асоссиз мурожаатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
Мурожаатлар мазмунига кўра турли йўналишларни қамраб олган. Жумладан, маҳкумларни бошқа муассасага ўтказиш, афв этиш масалалари, маҳкумларнинг соғлиги, моддий ва ижтимоий таъминоти, 23-сон маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхонада даволаниш, хусусий клиникаларда тиббий хизмат кўрсатиш, манзил колония¬ларида кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш корхоналарида яратилган шарт-шароитлар, жазо турини енгилроғи билан алмаштириш, муддатидан илгари шартли озод қилиш каби масалалардир.
Шунингдек, пул ўтказмалари, маҳкумларнинг иш ҳақини ўз вақтида олиши, аввалги муассасада қолиб кетган иш ҳақи, оила аъзолари томонидан юборилган маблағларнинг ҳисоб рақамига ўз вақтида тушиши билан боғлиқ мурожаатлар ҳам атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда.
Адвокатлар томонидан маҳкумларга нисбатан тавсифнома олиш, узоқ ва қисқа муддатли учрашувларга кириш, қонуний никоҳни расмийлаштириш ёки ажримга розилик олиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш каби масалалар юзасидан ҳам амалий кўмак кўрсатилмоқда. Ички ишлар органлари ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича эса тегишли идораларга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилади.
Қувонарлиси, фуқаролар ва маҳкумлар томонидан миннатдорлик мактублари сони ортиб бормоқда. Бу, аввало, мурожаатларга бефарқ бўлмаслик ва инсон тақдирига дахлдор ҳар бир масалага масъулият билан ёндашиш самарасидандир.
Мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи фаолияти инсонпарварлик тамойиллари асосида йўлга қўйилганини қуйидаги мисоллар ҳам тасдиқлайди. Бир аёл ягона ўғли жазо муддатини яшаш манзилидан узоқ вилоятда ўтаётгани, ёши кексалиги боис учрашувларга боришда қийналаётганини айтиб мурожаат қилди. Мурожаат атрофлича ўрганилди. Маҳкумнинг хулқ-атвори ижобий экани, китоб мутолааси бўйича фаол экани, маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этаётгани, қонунчиликка кўра уни яшаш ҳудудига яқин муассасага ўтказишга тўсиқ йўқлиги аниқланди. Натижада мурожаат ижобий ҳал этилиб, онахон департаментга миннатдорлик билдирди.
Қарийб етмиш ёшни қаршилаган Олмахон ая набираси 1-сон ЖИЭКда жазо ўтаётгани, унинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабар берди. Мурожаат текширилиб, тасдиғини топгач, маҳкум 23-сон Маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхонага жойлаштирилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.
Яна бир фуқаро озодликка чиққанидан сўнг қонуний бир марталик моддий ёрдамни олишда муаммога дуч келганини билдирди. Ўрганишлар жараёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати алмашганлиги сабаб маълумотлар базасида ноаниқликлар юзага келгани маълум бўлди. Муаммо бартараф этилди. Мурожаатчи миннатдорлик билдириб, ҳатто Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мактуб йўллаб, ЖИЭД ходимларига, хусусан Нурафшон Остоновга алоҳида ташаккур билдирди.
Жазони ижро этиш департаменти Мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи фаолияти инсон манфаатларини таъминлаш, қонунийлик ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади. Мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши, такрорий мурожаатлар сонининг кескин камайиши, миннатдорлик мактубларининг ортиши – бу тизимда очиқлик ва самарадорлик таъминланаётганининг яққол далилидир.
Энг муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани чуқур англанган ҳолда, ҳар бир масалага масъулият ва инсонийлик билан ёндашилмоқда. Бу эса жазони ижро этиш тизимида ислоҳотлар изчил давом этаётганини ва инсон ҳуқуқлари устувор тамойил сифатида таъминланаётганини кўрсатади.
ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Ахборот хизмати


