Касб фидойиси. Руҳият кўтаринки бўлса
2026-02-14 02:10:00 / Янгиликлар

Вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази психологи, катта лейтенант Жамол Нематов Бухоро давлат университетини тугатиб, илк иш фаолиятини Бухоро шаҳридаги 24-сонли Кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасида психолог сифатида бошлаган. Президентимиз қарорига асосан мазкур таълим даргоҳи ИИВга бириктирилгач, унда яна бир имконият туғилди. Ва 2021 йилда Бухоро шаҳар ИИОФМБ Вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимида хизматини бошлади. Бир йилдан сўнг ҳозир эгаллаб турган лавозимига ўтказилди.
Катта лейтенант Ж. Нематов марказда сақланаётган болаларнинг ота-онаси билан суҳбат ўтказиб, уларнинг ҳолати, муаммолари ва келгусидаги таълим-тарбияси юзасидан атрофлича фикр алмашади. Шу билан бирга, болаларнинг руҳий ҳолатини яхшилаш, уларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш мақсадида турли психологик ўйинлар ўтказиб, жамоавий ҳамда якка тартибдаги психологик тренинглар ташкил этиб боради.
Касбини чинакам севган кишигина доимо янгилик сари интилади. Лавҳамиз қаҳрамони вақтини беҳуда ўтказмайди, ҳамиша изланади ва хизмат фаолиятидан унумли фойдаланиб, зиммасидаги вазифаларини ўз вақтида бажаради. Хусусан, унинг кўмагида марказга қабул қилинган вояга етмаганларнинг 400 нафари ота-онаси ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахсларга топширилган. Шунингдек, вилоят ҳудудида 64 нафар вояга етмаганнинг назоратсиз ва қаровсиз қолганлигини аниқлаб, марказга жойлаштирган. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида 20 тага яқин мақолалар чиқарган, вояга етмаганлар назоратсизлиги ва қаровсизлигининг олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борган.
Жамолнинг эл-юрт осойишталигини сақлаш йўлидаги жонкуярлиги муносиб баҳоланиб, раҳбарият ҳамда вилоят ҳокими томонидан кўп марта рағбатлантирилган. Қолаверса, ўтган йили вилоят ички ишлар органлари ўртасида ўтказилган «Энг яхши психолог» кўрик-танловида фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, вилоят ИИБнинг «Қувноқлар ва зукколар» терма жамоаси аъзоси сифати қатнашиб келмоқда.
Инсон бахтининг тўкислиги оиласига ҳам боғлиқ. Турмуш ўртоғи Моҳинабону Ҳасанова 24-сонли «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ беради. Улар икки нафар фарзандни комил инсон қилиб вояга етказишмоқда.
