Жиззах вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш: таҳлил, профилактика ва рақамли назорат уйғунлиги
2026-02-13 21:25:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳри мисолида йўлга қўйилган “пойтахт тажрибаси” бугун республиканинг барча ҳудудларида, жумладан, Жиззах вилоятида ҳам босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Шу мақсадда Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳудудда амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Дастлаб Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш бўлими фаолияти таҳлил қилинди. Объектларни қўриқловга олиш, техник қўриқлаш пультига улаш, сигнализация ва тезкор хабар бериш механизмлари, навбатчилик хизмати ташкил этилиши атрофлича кўриб чиқилди. Айни вақтда Жиззах шаҳрида 1 742 та объект қўриқловга олинган бўлиб, 1 405 таси техник қўриқлаш тизимига уланган. Шундан 1 175 таси аҳоли хонадонларидир. Бу кўрсаткичлар хавфсизлик тизими жиноят содир этилгандан кейин эмас, балки унинг олдини олишга қаратилганини кўрсатади. Хизмат шароитлари ва интизом масалалари юзасидан ҳам аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Жиззах шаҳар ҳокимлигида маҳаллаларда “Чилонзор тажрибаси”ни жорий этиш бўйича штаб фаолияти ўрганилди. Жиноятчиликка қарши курашда умумий статистика эмас, балки ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб иш ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгиланди. Криминоген вазиятни барқарорлаштиришда ишсизлик, оилавий низолар, ижтимоий муаммолар каби омилларни бартараф этиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шу боис таҳлил, профилактика ва манзилли чоралар уйғунлиги асосида ишлаш зарурлиги қайд этилди.
Яқинлашиб келаётган Рамазон ойи муносабати билан оммавий ибодат жойларида жамоат тартибини таъминлаш масаласи ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Жиззах шаҳридаги Хўжа Нуриддин ҳожи жоме масжиди мисолида хавфсизлик режалари муҳокама қилиниб, куч ва воситаларни мақбул тақсимлаш, транспорт ҳаракатини тартибга солиш, видеокузатув тизимларини кучайтириш орқали фуқаролар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш чоралари белгилаб олинди. Шунингдек, Жиззах шаҳар марказий деҳқон бозорида жамоат тартибини сақлаш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, санитария ва ободлик ҳолатини яхшилаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Ғаллаорол туманидаги Маданият маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган учрашувда низоли оилалар, ичкиликка ружу қўйган хонадонлар, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Маҳалла “еттилиги” фаолиятини кучайтириш, профилактик таъсирчанликни ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси фаолияти билан танишув давомида интернет орқали содир этилаётган жиноятларни барвақт аниқлаш, киберфирибгарлик ва электрон тўлов тизимларига тажовузларнинг олдини олиш механизмлари муҳокама қилинди. Бугун ахборот маконида хавфсизликни таъминлаш анъанавий жиноятчиликка қарши кураш билан тенг аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ўқувчиларнинг таълим ва яшаш шароити ўрганилди. Ётоқхона, синф хоналари ва ахборот технологиялари билан таъминланганлик даражаси кўздан кечирилди. Ўқувчилар билан мулоқотда замонавий билимларни пухта эгаллаш, китобхонликни кучайтириш, ахборот хуружларига қарши иммунитетни шакллантириш ва ҳуқуқий маданиятни ошириш зарурлиги таъкидланди. Ёшлар тарбияси жамоат хавфсизлигининг стратегик кафолати экани алоҳида қайд этилди.
Жиззах вилояти ҳокимлигида масъул раҳбарлар иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда ўтган йил якунлари танқидий таҳлил қилиниб, 2026 йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида муайян ишлар қилинган бўлса-да, айрим йўналишларда оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, Жиззах шаҳрида жиноятчилик даражасининг ошгани соҳа мутасаддилари томонидан кескин танқид қилинди.
Муҳокамада жорий 2026 йилда Жиззах вилоятида хавфсизликни таъминлаш бўйича устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, “пойтахт тажрибаси” асосида ҳар бир маҳалла ва кўча назорати кучайтирилиб, “хавфсиз муҳит” концепцияси тўлиқ жорий этилади. Замонавий видеокузатув воситалари ўрнатилиб, улар вилоят ички ишлар бошқармасининг “Ягона тезкор бошқарув маркази”га уланади. Бу ўз навбатида вазиятни масофадан туриб, реал вақт режимида кузатиш имконини беради.
Бундан ташқари кибержиноятчилик, интернет-фирибгарлик ва электрон тўлов тизимларига тажовуз қилишга қарши замонавий таҳлил механизмлари ишга туширилади. Тадбиркорлик объектлари ва аҳоли хонадонларини ишончли қўриқловга олиш бўйича тарғиботларни кучайтирилади.
Йиғилишда жиноятчиликка қарши курашда фақат жазолаш эмас, балки унинг илдизини бартараф этишга алоҳида урғу берилди. Уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, “қизил” тоифадаги маҳаллалар билан манзилли ишлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Тадбир якунида белгиланган вазифаларни тизимли ва самарали амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.









