Тошкент шаҳар ИИББ Кинология марказида Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда пресс-тур ташкил этилди
2026-02-13 20:40:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда жамоатчилик билан очиқ ва шаффоф мулоқотни йўлга қўйиш, ички ишлар органлари фаолияти юзасидан аҳолини хабардор қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Кинология марказининг фаолиятига бағишланган пресс-тур ҳамда вазирлик Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчиларга Кинология марказининг асосий фаолият йўналишлари, хизмат итларини саралаш, тайёрлаш ҳамда уларни хизмат жараёнларида самарали қўллаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу билан бирга, марказ ҳудудида яратилган замонавий инфратузилма ва шарт-шароитлар жамоатчилик вакилларига кенг намойиш этилди. Пресс-тур доирасида тажрибали кинолог мутахассислар томонидан хизмат итларини тайёрлашга қаратилган замонавий ўқув-машғулот жараёнлари амалий кўринишда тақдим этилди. Бу эса марказ фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини кенг жамоатчиликка етказиш имконини берди.
Жамоатчилик кенгашининг йиғилишини кенгаш раиси Ёдгор Саъдиев очиб берди. Тадбирда сўзга чиққан генерал-полковник Зокиржон Алматов эса жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш каби долзарб масалаларга тўхталиб ўтди. Нутқ сўзлаганлар томонидан кенгаш аъзоларига юқоридаги йўналишларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шундан сўнг, жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада такомиллаштириш, тизим нуфузини мустаҳкамлаш ҳамда ижобий имижини ошириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатларга тезкор ва асосли муносабат билдириш, аҳолининг мурожаат ва таклифларига тизимли ёндашувни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, турли соҳавий хизматлар фаолиятида учраётган муаммоли вазиятларни атрофлича таҳлил қилиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш ҳамда амалий ечимларни ишлаб чиқиш бўйича аниқ механизмларни жорий этиш юзасидан муҳим ташаббуслар билдирилди.









