Гиёҳвандликка қарши курашиш — ёшлар келажаги ва жамият хавфсизлиги масаласи
2026-02-13 18:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти раҳбарияти ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва наркотик воситалар тарқалишининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда жамият хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир доирасида Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти масъуллари томонидан гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги, ёшлар келажаги ва жамият тараққиётига салбий таъсири, наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг ҳуқуқий оқибатлари, шунингдек, ушбу иллатга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг ўрни ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилди. Ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, уларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан бевосита жавоблар берилди.
Тадбирнинг доирасида “Гиёҳвандлик — умр заволи” мавзусида факультетлараро саҳна кўринишлари бўйича беллашув ўтказилди. Ушбу беллашувда талабалар гиёҳвандликнинг инсон тақдирига, оила ва жамият ҳаётига етказадиган ҳалокатли оқибатларини бадиий-саҳнавий чиқишлар орқали ёритиб берди. Саҳна кўринишларида иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан мазмун, ижодий ёндашув ва ғоявий таъсирчанлик мезонлари асосида баҳоланиб, ғолиб жамоалар муносиб тақдирланди.
Бу каби тадбирлар ёшлар ўртасида ҳуқуқий онг ва маънавий масъулиятни ошириш, гиёҳвандликка нисбатан қатъий иммунитетни шакллантириш ҳамда соғлом ва хавфсиз жамият барпо этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.





