Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигида Жиззах шаҳри маҳаллалари раислари ҳамда маҳаллаларга бириктирилган вилоят ИИБ масъул ходимлари иштирокида кенгайтирилган хизмат йиғини ўтказилди
2026-02-12 10:00:00 / Янгиликлар

Унда ҳудудларда криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ва маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилиш аввалида сўнгги даврда шаҳар ҳудудида қайд этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлили тақдим этилди.
Жиноятчиликка сабаб бўлаётган омиллар, айрим маҳаллаларда учраётган тизимли камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Шунингдек, ҳар бир маҳалла кесимида олиб борилаётган профилактик ишлар натижадорлиги танқидий руҳда кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, ижтимоий хавфли тоифадаги шахслар билан манзилли ишлаш, муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Маҳаллаларда “хавфсиз ҳудуд” тамойили асосида иш ташкил этиш, профилактика инспекторлари, маҳалла раислари ва бошқа мутасадди ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг жорий йилда қабул қилинган 1 ва 2-сонли қарорларида белгиланган устувор вазифалар ижросини сўзсиз ва сифатли таъминлаш, профилактик тадбирларни тизимли йўлга қўйиш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, жамоат тартибини сақлаш, кўча ва жамоат жойларида хавфсизликни таъминлаш, замонавий ахборот технологиялари ва кузатув воситаларидан самарали фойдаланиш, тунги хизматлар фаолиятини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида ҳар бир масъул раҳбар ва ходимга аниқ йўналишлар бўйича топшириқлар юклатилиб, ижро интизоми ва шахсий масъулиятни ошириш лозимлиги қайд этилди. Белгиланган вазифалар ижроси устидан доимий назорат ўрнатилиши таъкидланди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати









