Аёл ва жамият. Эътибор тақдирни ўзгартиради
2026-02-11 12:00:00 / Янгиликлар

Ҳаётда баъзан шундай онлар бўладики, биргина ширин сўз, озгина эътибор инсон тақдирини ўзгартириши мумкин. Айниқса, ҳаёт синовларига дуч келган, турли сабаблар билан пробация назоратида турган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳаётга қайта мослаштириш муҳим вазифалардан бири.
Буни яхши англаган Ургут тумани ИИБ ЖХХ Пробация бўлинмаси ходимлари ҳисобда турган 97 нафар хотин-қизлар дардини тинглаш, муаммоларини биргаликда ҳал этиш мақсадида туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида учрашув ташкил этишди. Ҳар бир аёлнинг ҳаёт йўли, муаммо ва орзу-умидларига қулоқ тутилди. Мутахассислар томонидан уларнинг руҳий ҳолати ўрганилди. Ўзларига бўлган ишончни оширишга қаратилган психологик суҳбатлар ўтказилди. Шу билан бирга, ижтимоий-ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, касбга йўналтириш, соғлиқни сақлаш, оилавий масалалар каби кўплаб маиший-ижтимоий муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилди. 6 нафар ҳисобда турувчи аёл иш билан таъминланди.
Нодира Козимова (исм шарифи ўзгартирилди) туманнинг «Сариқтепа» мавзесида жойлашган Ургут Эркин иқтисодий зонасидаги ишлаб чиқариш корхонасидан ўзига муносиб иш топди.
— Аёллар учун иш бўлса ишлайман дердим. Тикувчилик қўлимдан келади, уйда тикув машинам бор. Бу иш мен учун қулай, айниқса транспорт ва тушлик билан таъминлаганидан хурсанд бўлдим, — дейди у.
- Жамият тараққиёти, аввало, инсон тақдирига бўлган муносабат билан ўлчанади. Пробация рўйхатига олинган хотин-қизларнинг саломатлиги ҳам эътибордан четда эмас. Туман Соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли Марказий поликлиника шифокорлари томонидан бепул тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Бир қатор мутахассислар кўригидан ўтган хотин-қизларга аниқланган касалликлари бўйича зарур муолажа кўрсатилиб, 12 нафарига стационар даволаниш учун имтиёзли йўлланма берилди. Соғлиғи туфайли тиббий кўрикка кела олмаган 6 нафар хотин-қизларнинг яшаш хонадонларига борилиб, тиббий кўрикдан ўтказилди, — дейди туман ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Зулфия Юлдашева.
Дарҳақиқат, ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик устувор бўлган жамиятда ҳар бир аёл қаерда, қандай шароитда бўлмасин ўз ўрнини топиши, муносиб яшаши учун имконият бор. Муҳими, бу имкониятларни ҳис этиш ва улардан унумли фойдаланишдир.
Умида Мамадалиева, ўз мухбиримиз. «Постда»
Самарқанд вилояти
