Жиззах вилоятида «Чилонзор тажрибаси» асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишлари ўрганилди
2026-02-11 11:40:00 / Янгиликлар

ИИВ «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази директори, майор Улуғбек Куланов томонидан Жиззах вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январь куни қабул қилинган ПҚ–1-сон қарори ижроси, шунингдек, «Чилонзор тажрибаси» асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Вазирлик раҳбарияти топшириғига мувофиқ, «Чилонзор тажрибаси»дан келиб чиққан ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида Жиззах вилояти ИИБ ҳамда ҳудудий ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати таҳлил қилинди.
Шунингдек, «Пойтахт тажрибаси» асосида вилоятда янги тезкор штаб барпо этилмоқда. Мазкур тезкор штабда кундалик мониторинг ва назорат тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, тезкор штаб фаолияти Ситуацион-таҳлил маркази билан узвий боғланган ҳолда ташкил этилиб, келиб тушаётган ахборотларни тезкор таҳлил қилиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда масъул ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш имконини беради.
Ўрганишлар давомида «Чилонзор тажрибаси» доирасида эришилган ижобий натижаларни бошқа ҳудудларда жорий этиш, хавфсиз муҳитни шакллантириш, маҳаллаларни рақамлаштириш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ҳамда профилактика ишларини фаоллаштириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
ИИВ «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази


