Осойишталик йўлида. Ўзига талабчан
2026-02-11 08:05:00 / Янгиликлар

Ғиждувон тумани ИИБ ЖХХ ЖТСБ Патруль-пост хизмати отряди ходимлари жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун бор куч-ғайратларини сафарбар этишмоқда. Зарур алоқа ҳамда техника воситалари билан таъминланган осойишталик посбонларининг саъй-ҳаракати туфайли жиноятлар ўз вақтида фош этилмоқда. Айниқса, улар туманда ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирларда фаолдир.
Ўтган йилнинг декабрь ойи охирида олинган тезкор маълумот асосида тумандаги Бобур номли маҳаллада яшовчи Х.Г. хонадонида профилактик тадбир ўтказилди. Тадбир давомида хонадонда умумий қиймати 32 миллион сўмлик бўлган 54 дона «1 Shots» ҳамда 5 дона «Королевский салют» номли пиротехника воситалари қонунга хилоф равишда сақлаб келинаётгани аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Мазкур тадбирда отряд инспекторлари, сафдорлар Сирожиддин Аҳмедов ҳамда Ҳайитбек Рамазоновларнинг хизмати катта бўлди.
Жонкуяр осойишталик посбонлари фаолиятидан яна бир мисол. Икковлон эрталаб деҳқон бозори ҳудудида хизмат олиб бораётганда, пиёдалар йўлакчаси бўйлаб келаётган қиз эътиборларини тортди. У кимнидир эслатарди. Дарров уларнинг бири ёнидаги суратларни кўздан кечирди. У кеча тушдан сўнг уйидан жанжаллашиб чиқиб кетган қиз экан.
- Қизнинг эгнидаги кийими танишдай туюлди, — дея Ҳайитбек Рамазонов воқеани батафсилроқ тушунтирди. — Ҳамкасбимга ҳушёрроқ тур деб, қизни саволга тутдим. Ҳар қалай у яширмади, оқшомда дугонасиникида тунаган экан. Энди бошқа бир дугонасиникига бормоқчи бўлибди. Унга бу қилаётган иши нотўғрилигини ва уйдагилари ташвишланаётганини айтдим, сўнг туман ИИБга топширдик.
Лавҳамиз қаҳрамонлари автопатрул йўналишида хизмат олиб боришади. Улар асосан туман марказида ва деҳқон бозори атрофида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатиб келишмоқда.
- Кеча бир йўловчи «Ипҳоне-17» русумли телефон аппаратини топиб олибди. Шуни эгасига қайтаришимизни илтимос қилди. Жилдини очсак, пластик карта чиқди, телефоннинг эса қуввати тугаган экан. Пластик карта орқали манзилини аниқладик. Шу тарзда тушиб қолган нарсаларни эгасига қайтардик, — дейди сафдор Сирожиддин Аҳмедов мағрурланиб.
- Бундай воқеаларнинг кўп маротаба гувоҳи бўлганмиз. Айниқса, автотураргоҳдаги машиналар эшигини очиқ қолдириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Шу боис бирор кор-ҳол бўлмасин деб, қўриқбонлик ҳам қилиб турамиз.
Қисқаси, ўзига талабчан, довюрак ва жасоратли туман ИИБ ЖХХ ЖТСБ Патруль-пост хизмати отряди ходимлари билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.
Мирзоқул АҲАДОВ, ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
