Ғиждувонда профилактика инспекторлари фаолияти таҳлил қилинди: Хизматга садоқат ва масъулият — асосий мезон
2026-02-10 15:35:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда Ғиждувон тумани ҳокими иштирокида туман ички ишлар органлари профилактика инспекторлари билан кенгайтирилган хизмат учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда ходимлар ўртасида хизмат интизомини мустаҳкамлаш масалалари танқидий руҳда муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида тумандаги криминоген вазият атрофлича таҳлил этилиб, ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган, маҳалладаги вазиятни тўлиқ назоратга олмаган бир қатор ходимлар фаолияти кескин танқид остига олинди. Йиғилишда 2026-йил якунига қадар тумандаги барча “қизил” тоифадаги маҳаллаларни “яшил” ҳудудга ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, тадбирда ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида янги мотивация тизими жорий этилиши эълон қилинди. Мазкур тизимга кўра, ҳар чорак якунида ўз хизмат вазифасини намунали бажарган 15 нафар энг илғор профилактика инспектори туман ҳокимлиги томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилади. Иш кўрсаткичлари паст бўлган 3 нафар ходимга нисбатан бошқарма бошлиғи томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилади.
Йил якунида энг юқори натижа кўрсатган, ўз ҳудудида жиноятчиликни жиловлай олган 10 нафар ходим оила аъзолари билан биргаликда хорижий давлатларга саёҳатга юборилади. Фаолияти давомида тизимли камчиликларга йўл қўйган ва хизматга нолойиқ деб топилган 5 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.
Учрашув якунида профилактика инспекторларининг яшаш ва хизмат шароитлари, уларни қийнаётган муаммолар ҳамда таклифлари тингланиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди. Мазкур тизим соҳага адолат ва шаффофликни олиб кириш билан бирга, ҳар бир ходимнинг ўз устида ишлаши ва эл-юрт тинчлиги йўлидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









