Наманган вилоят ҳокимлигида маҳаллалардаги жиноятчилик ҳолати муҳокама қилинди
2026-02-10 15:35:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳузурида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вилоят ҳамда шаҳар-туман студияларидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар масъуллари, шунингдек, жорий йилнинг январь ойида жиноят содир этилишига йўл қўйилган 40 та маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари иштирок этди.
Йиғилишда оғир ва ўта оғир турдаги, хусусан, оила-турмуш доирасидаги жиноятлар қайд этилган 13 та маҳалла фаолияти алоҳида кўриб чиқилди. Мазкур ҳудудларда йўл қўйилган камчиликлар маҳалла раислари ва профилактика инспекторлари иштирокида танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.
Шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғи томонидан айрим маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ижросини таъминлаш борасида манзилли ва тизимли ишлар етарли даражада ташкил этилмаётгани кескин танқид қилинди.
Йиғилиш якунида вилоят раҳбари томонидан маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, криминоген вазияти оғир ҳамда «қизил» тоифадаги маҳаллаларга бириктирилган раҳбарларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш, профилактик тадбирларни жадаллаштириш ва аниқ натижадорликка эришиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






