Андижон вилоятида “Кибержиноятларга биргаликда курашамиз” шиори остида комплекс профилактик-тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда
2026-02-10 15:00:00 / Янгиликлар

Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг тегишли фармойишига асосан жорий йилнинг 5 февраль кунидан 28 февраль кунига қадар вилоятимиз ҳудуди бўйлаб, “Кибержиноятларга биргаликда курашамиз” шиори остида комплекс профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Мазкур тадбир доирасида Андижон вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Балиқчи туманида жойлашган Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбир давомида таълим муассасаси ўқитувчи ва ўқувчи-ёшларига кибержиноятларнинг бугунги кунда энг кўп учраётган турлари, жумладан, интернет орқали фирибгарлик, фишинг ҳужумлари, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда қўлга киритиш, ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар орқали содир этилаётган жиноятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, иштирокчиларга кибержиноятлардан ҳимояланишнинг самарали усуллари, яъни:
• шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш,
• банк карталари ва электрон тўлов воситаларидан хавфсиз фойдаланиш,
• номаълум ҳаволалар ва шубҳали хабарлардан эҳтиёт бўлиш,
• икки босқичли ҳимоя тизимларини жорий этиш каби амалий тавсиялар етказилди.
Бошқарма ходимлари томонидан реал ҳаётий мисоллар асосида тушунтиришлар берилди ҳамда кибермаконда ҳушёрликни ошириш ҳар бир фуқаронинг шахсий хавфсизлиги учун муҳим экани таъкидланди.
Бу каби тарғибот тадбирлари жойларда давом этмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати






