Давлат раҳбарининг топшириқлари ижроси доирасида Гулистон шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича манзилли ишлар амалга оширилмоқда
2026-02-10 11:55:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг 2025-йил 27-январ куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлари ижроси доирасида Гулистон шаҳрида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Чора-тадбирлар доирасида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг барча бўғин раҳбарлари маҳаллаларга бириктирилиб, “Хавфсиз ва обод маҳалла” тамойили асосида ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш ҳамда аҳоли билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар тизимли равишда ташкил этилмоқда.
Шу муносабат билан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Гулистон шаҳридаги Улуғ йўл, Истиқлол ва Бўстон маҳаллаларига ташриф буюрди.
Ташриф давомида маҳаллаларга бириктирилган ички ишлар органлари ходимлари фаолияти кўздан кечирилиб, ҳудудларда олиб борилаётган профилактик тадбирлар ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар билан яқиндан танишилди. Масъул ходимларга хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ҳудуддаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш ҳолати ҳам ўрганилиб, давомат масаласи алоҳида назоратга олинди. Мактаб маъмурияти билан учрашувлар ўтказилиб, сабабсиз дарс қолдириш ҳолатларининг олдини олиш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Маҳаллаларда истиқомат қилувчи алоҳида тоифадаги шахслар билан профилактик суҳбатлар ташкил этилди. Мулоқотлар давомида уларни ташвишга солаётган масалалар, ижтимоий муаммолар ва таклифлар тингланиб, уларни бартараф этиш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, алоҳида тоифадаги ишсиз фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, бўш иш ўринлари бўйича маълумотлар тақдим этилмоқда ҳамда уларни доимий иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ва яшаш шароитлари ўрганилиб, уй бошилар билан учрашувлар ўтказилди. Маҳаллада якка-ёлғиз яшовчи фуқаролар билан ҳам суҳбатлашилиб, уларнинг мурожаатлари тингланди ва тегишли чоралар кўрилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









