Ғиждувонда “Чилонзор тажрибаси”: “Дегрезон” маҳалласи рақамлаштириш ва “темир интизом” асосида намунали ҳудудга айланади
2026-02-10 11:00:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳ Ғиждувон туманининг “Дегрезон” маҳалласида бўлиб, ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги механизмларини амалиётга татбиқ этиш жараёнлари билан танишди. Туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамда “маҳалла еттилиги” иштирокидаги ўрганишларда қуйи бўғиндаги ишларни тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Жараёнда “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали йўлга қўйишнинг ягона шарти сифатида маҳалла раиси етакчилигида, аниқ кунлик режа асосида ишлаш тартиби белгиланди. Эндиликда еттилик вакиллари тарқоқ ҳолда эмас, балки ягона жамоа сифатида ҳаракат қилиб, кунлик вазифалар ижросини таъминлашга масъул эканлиги қайд этилди.
Ҳудуднинг криминоген вазиятини барқарорлаштириш мақсадида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган манзилли “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Мазкур стратегик ҳужжат шунчаки ҳисобот учун эмас, балки маҳалла ободлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлашда асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишда кабинет усулидан воз кечиб, “қадамма-қадам” тамойили асосида ишлаш тизими жорий этилмоқда. Ҳар бир хонадонга кириб бориш, фуқароларни қийнаётган масалаларга жойида ечим топиш ва шу орқали халқ розилигига эришиш устувор мақсадга айланди.
Ўрганишлар давомида рақамлаштириш масаласига алоҳида урғу берилди. Замонавий видеокузатув мосламаларининг ўрнатилиши жиноятчиликни жиловлашнинг энг самарали омили эканлиги, камера бор жойда жиноят содир этилиши кескин камайиши, содир этилган тақдирда ҳам, шахсни тезкорлик билан аниқлаш ва фош этиш имконияти юқори эканлиги инобатга олиниб, маҳаллани тўлиқ “ақлли кузатув” тизими билан қамраб олиш чоралари кўриладиган бўлди.
Якунда Ғиждувон туманида ишларни жадаллаштириш ва самарадорликни ошириш мақсадида пойтахтда ижобий натижа берган “Чилонзор тажрибаси”ни амалиётга кенг татбиқ этиш, бу орқали “Дегрезон” маҳалласини хавфсиз ва обод ҳудудга айлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



