Пробация хизмати. Сен тўғри йўлга қайта оласан
2026-02-09 23:00:00 / Янгиликлар

Наманган шаҳар ИИБ ЖХХ Пробация бўлинмаси томонидан олиб борилаётган тадбирлар жиноят содир этган шахслар учун яна бир имконият яратишга ва уларни ижобий хулқ-атворга йўналтиришга хизмат қилмоқда.
Ҳозирги кунда ҳисобимизда жами 1116 нафар назорат остидаги шахс мавжуд, — дейди бўлинма бошлиғи, капитан Достонбек Абдуқаҳҳоров. — Уларнинг 1 063 нафари эркак, 53 нафари аёл, 29 нафари вояга етмаган, 323 нафари ёшлардир.
1116 нафар... Бу катта рақам. Мазкур рақам ортида адашган тақдирлар, ўйламай босилган қадамлар, сўнмаган орзулар бор. Уларнинг ҳар бири ўз хатосидан хулоса чиқариб, иккинчи имкониятдан фойдаланиб, жамият олдида ўз ўрнини топиши керак. «Сен тўғри йўлга қайта оласан, биз сенга ишонамиз» дегим келади.
Тузалиш йўлига ўтган шахслар билан манзилли иш олиб бориш уларда қонунга итоаткорлик ва ижобий хулқ-атворни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.
Бунинг учун назорат остидаги шахслар 3 та асосий тоифага ажратилган: тузалиш йўлига ўтганлар, жиноят содир этишга мойил шахслар ва жиноят содир этиш хавфи юқори бўлганлар. Бунда ҳар бир шахсга индивидуал ёндашиш ва профилактик ишларни олиб бориш орқали муваффақиятга эришиш мумкин.
Яқинда 2-сонли техникумда ўтказилган сайёр суд бу борадаги муҳим тадбирлардан бири бўлди, — дейди капитан Достонбек . — Унда суд томонидан қўйилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ амал қилган 20 нафар шахс муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Бу, ўз навбатида, инсонпарварлик тамойиллари асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кўрсатади.
©️ “Postda” газетаси, Жаҳонгир Тўхтасинов, Наманган вилояти.
