Бухоро туманида «Чилонзор тажрибаси»: «Янгитурмуш» маҳалласи тўлиқ рақамлаштирилган намунали ҳудудга айланади
2026-02-09 09:00:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Бухоро туманидаги «Янгитурмуш» маҳалласида бўлиб, ҳудудда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва «Хавфсиз маҳалла» концепциясини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Ўрганишлар давомида пойтахтда ижобий самара берган «Чилонзор тажрибаси»ни мазкур маҳаллада ҳам татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бошқарма бошлиғи «еттиликнинг» маҳалла ҳудудини «қадамма-қадам» юриб ўрганиш орқали мавжуд муаммоларни жойида ҳал қилинишига алоҳида эътибор қаратди.
Ташриф давомида масъуллар олдига, «Маҳалла еттилиги» ва профилактика инспекторининг фаолиятини пала-партишликдан чиқариб, кунлик ишларини режалаштириш ва шу асосда ҳисобдорлик тизимини йўлга қўйиш, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда жиноятчиликни жиловлаш бўйича манзилли «Йўл харита»ларини ишлаб чиқиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича алоҳида йўл харитаси тузилиб, жорий йил якунига қадар «Янгитурмуш» маҳалласини тўлиқ рақамлаштириш (видеокузатув, Face ID ва бошқа интеллектуал тизимлар билан қамраб олиш) бўйича қатъий топшириқ берилди.
Мазкур чора-тадбирлар «Янгитурмуш» маҳалласини жиноятдан ҳоли, аҳоли учун энг хавфсиз ва тинч ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати





