Очиқ мулоқот формати: Бухорода 40 га яқин тақдир ва муаммолар «шахсий назорат»га олинди
2026-02-09 09:00:00 / Янгиликлар

Халқ билан мулоқот қилиш, инсонларнинг дарду ташвишларини тинглаш ва уларни қийнаётган муаммоларга қонуний ечим топиш — ички ишлар органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг навбатдаги шахсий қабулида вилоятнинг турли ҳудудларидан келган 40 га яқин фуқаронинг мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларидан норозилик, жиноят ишлари юзасидан қабул қилинган қарорларни қайта кўриб чиқиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни қамраб олди.
Шунингдек, сўнгги вақтларда долзарб бўлиб турган фирибгарлик жинояти қурбони бўлган фуқаролар томонидан етказилган моддий зарарни ундиришда амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар ҳамда ички ишлар органларига хизматга кириш ва тизимга қайта тиклаш масалалари ҳам раҳбарият эътиборидан четда қолмади.
Бошқарма бошлиғи ҳар бир фуқаронинг важларини диққат билан тинглаб, муаммоларни жойида ҳал этиш чораларини кўрди. Вақт ва қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар бўйича соҳавий хизмат раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар юзасидан фуқароларга зарур маслаҳатлар ва йўл-йўриқлар кўрсатилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









