Хоразм вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш мақсадида Гурлан туманида сайёр қабул ўтказилди
2026-02-09 09:00:00 / Янгиликлар

8 февраль куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш, фуқароларни қийнаётган масалаларга қонуний ва амалий ечим топиш ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида Гурлан туманининг “Навбаҳор” маҳалласида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан ички ишлар органлари фаолиятига оид, шунингдек ҳуқуқий, ижтимоий, маъмурий ва маиший йўналишлардаги бир қатор мурожаатлар билдирилди.
Хусусан, жамоат тартибини таъминлаш, жиноят ишларини кўриб чиқиш, профилактика инспекторлари фаолияти, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардаги низолар ҳамда бошқа масалалар аҳоли томонидан кўтарилди.
ИИБ раҳбарияти ҳар бир мурожаатни синчиклаб тинглаб, айрим масалалар бўйича фуқароларга жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берди.
Қўшимча ўрганиш ёки амалий чора-тадбирлар кўришни талаб этган мурожаатлар тегишли хизмат ва бўлинмалар раҳбарларига юклатилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органлари фаолиятида фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш, мурожаатларни жойида ўрганиш ва муаммоларни тезкор ҳал этиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу каби сайёр қабуллар аҳолининг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жойларда мавжуд муаммоларни барвақт бартараф этишга хизмат қилади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати









