Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Халқ депутатлари вилоят кенгашига 2025 йил сарҳисоби ва 2026 йилги режалар юзасидан ҳисобот берди
2026-02-08 16:35:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги 22-сессияси бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Икромжон Турсуновнинг «Вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилдаги асосий вазифалар тўғрисида»ги ҳисоботи тингланди.
Видеоконференсалоқа тизими асосида ўтказилган мазкур сессия ишида Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, доимий комиссиялар раислари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқарма-ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди. Шунингдек, ҳудудий студиялардан шаҳар ва туман ҳокимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Бошқарма бошлиғи ўз маърузасида таъкидлаганидек, ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари фаолияти шунчаки жиноятчиликни қайд этиш эмас, балки «жиноятнинг оқибати билан эмас, унинг сабаблари билан курашиш» тамойили асосида қайта ташкил этилди. Хусусан, «маҳаллабай» ишлаш тизими орқали ҳар бир оила ва хонадонга кириб борилиб, аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чоралари кўрилди.
Ҳисоботда «Рақамли хавфсиз маҳалла» тамойили доирасида амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Жамоат жойлари, таълим муассасалари ва аҳоли гавжум ҳудудларда замонавий интеллектуал видеокузатув камераларининг интеграция қилинганлиги ҳамда ходимларнинг замонавий планшетлар билан таъминланганлиги хизмат самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётганлиги қайд этилди. Бу эса жиноятларни «иссиқ изидан» очиш ва қидирувдаги шахсларни аниқлаш имконини бермоқда.
Шунингдек, маърузада бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири бўлган кибержиноятчилик, интернет орқали содир этилаётган фирибгарликлар ҳамда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш масалаларига тўхталиб ўтилди. Ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда оилавий низоларни бартараф этишда «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорлик кучайтирилганлиги таъкидланди.
Бошқарма бошлиғи йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, авария ўчоқларини бартараф этиш ва ҳайдовчилик маданиятини ошириш борасидаги ишларни танқидий таҳлил қилиб, бу борада ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини очиқ баён этди.
2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар сифатида «қизил» тоифадаги маҳаллаларни «яшил» ҳудудга айлантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда инсон омилини камайтириб, тўлиқ рақамлаштиришга ўтиш ҳамда ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш асосий мақсад сифатида белгиланди.
Қизғин муҳокамаларга бой ўтган сессия якунида депутатлар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олиниб, вилоятда жамоат хавфсизлигини янги босқичга кўтариш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









