Пешкуда жамоат хавфсизлиги ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс тадбирлар
2026-02-08 12:05:00 / Янгиликлар

Пешку туманида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда туман ҳокими иштирокида профилактика инспекторлари, ёшлар ва маҳалла фаоллари билан қатор учрашувлар ўтказилиб, жамоат хавфсизлиги, ижтимоий-маънавий муҳит ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш масалалари комплекс тарзда муҳокама қилинди. Учрашувлар аввалида соҳа фаолиятидаги камчиликлар, хизмат интизоми, ҳудуддаги криминоген вазият очиқ ва танқидий таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Шу билан бирга, мулоқотлар давомида расмиятчиликдан холи, самимий муҳит яратилди. Раҳбарлар профилактика инспекторлари ва ёшларни тинглаб, уларнинг ижтимоий, оилавий ҳамда шахсий масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ходимлар ва ёшлар томонидан билдирилган ишга жойлашиш, таълим, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа ҳаётий масалалар юзасидан мурожаатлар шахсан назоратга олиниб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилди. Фаоллиги ва намунавий хизмати билан ажралиб турган ходимлар ҳамда ёшлар рағбатлантирилди.
Тадбирлар доирасида «Чилонзор тажрибаси» асосида маҳаллаларда профилактика ишларини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда туб сабабларни барвақт аниқлаш, «хонадонбай» ишлаш тизимини амалда самарали йўлга қўйиш, рақамли технологиялар ва видеокузатув воситаларидан кенг фойдаланиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Маҳаллаларни ободонлаштириш, «яшил» тоифага ўтказиш ва аҳоли розилигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Ушбу учрашувлар инсон қадрини улуғлаш, ходимлар ва ёшларнинг руҳий хотиржамлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда ҳамжиҳатлик ва масъулиятни янада кучайтиришга хизмат қиладиган амалий тадбирлар сифатида аҳамият касб этди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









