Қашқадарё вилояти ИИБда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва вилоят ҳокими иштирокида йиғилиши бўлиб ўтди
2026-02-08 11:10:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 5 февраль куни Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида 2026 йил 27 январь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ҳамда 2025 йил давомида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Р. Ашропов, Қашқадарё вилояти ҳокими М. Азимов ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник А.Исмоилов, шунингдек, соҳавий хизматлар ҳамда шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир давомида Бош прокуратура томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан Қашқадарё вилояти ички ишлар органлари фаолиятини танқидий ва атрофлича ўрганиш натижалари муҳокама қилиниб, жиноятларни рўйхатга олиш, мурожаатларни кўриб чиқиш, қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги ҳамда ижро интизоми ҳолати чуқур таҳлил қилинди.
Жумладан, Қашқадарё вилояти ички ишлар органлари томонидан жиноятга оид ариза ва хабарларни қабул қилиш ҳамда уларни текшириш бўйича амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокама қилиниб, вилоятда мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек Президентимиз томонидан Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича ўтказилган танқидий селектор йиғилишида белгиланган вазифалар, хусусан, уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича “пойтахт намунаси”ни Қашқадарё вилоятида жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Р. Ашропов томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатларига қатъий йўл қўймаслик, шунингдек, вазирлик Академияси профессор-ўқитувчилари иштирокида ташкил этилаётган ўқув-амалий машғулотлар орқали ходимларнинг билим ва касбий салоҳиятини ошириш юзасидан бир қатор аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, терговга қадар текширувни амалга оширувчи ходимларни (тезкор қидирув, профилактика хизматлари, терговчи ва суриштирувчилар) ўқитиш, уларнинг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида Тергов департаменти масъуллари, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан режалаштирилган ўқув-семинарлари бўйича вазифалар белгилаб берилди. Бу каби семинарлар республиканинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда Наманган ва Қашқадарё вилоятларида ўқитиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, барча ҳудудларда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ушбу соҳа вакилларини онлайн равишда ўқитиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти





