Сирдарё вилояти Гулистон туманида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди
2026-02-08 10:45:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти прокурори ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳузурида Гулистон туманида жиноятчилик аҳволи, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлиги масъуллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, маҳалла еттиликлари, уй боши ва кўчабошилар, шунингдек, кекса нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган мулоқот давомида Гулистон туманида мавжуд бўлган 24 та маҳалла фуқаролар йиғинларида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳолати, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллар, шунингдек, ушбу ҳолатларнинг олдини олишга масъул бўлган раҳбарларнинг фаолияти танқидий руҳда кўриб чиқилди. Жумладан, ҳар бир маҳалла кесимида ёшлар, хотин-қизлар ва вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар муҳокама қилиниб, мавжуд камчиликлар танқидий баҳоланди.
Йиғилишда сўзга чиққан мутасаддилар аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, «Хавфсиз маҳалла» тамойили асосида ҳудудларда кузатув камераларини ўрнатиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, аҳоли билан ижтимоий профилактика йўналишида мунтазам ва тизимли ишларни ташкил этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга барча бирдек масъул эканлиги, шунинг учун ҳам идоралараро ҳамкорликни намунали йўлга қўйиш,уй боши ва кўчабошилар билан доимий мулоқот қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини мавжуд муаммоларини ижобий ҳал этиш, бандлигини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Якунда йиғилишда иштирок этган кекса нуронийлар томонидан ҳам жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларни соғлом муҳитда тарбиялаш, маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш борасида қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Билдирилган фикрлар эса мутасаддилар томонидан инобатга олиниши қайд этилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









