Ҳалолликни шиор қилган ходимлар. Бурчга садоқат
2026-02-08 07:50:00 / Янгиликлар

Хўжаобод тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ходими, катта лейтенант Ҳаётбек Ғаниев ўз хизмат бурчи ва фуқароларга нисбатан адолат тамойилларини биринчи ўринга қўйиб, зиммасидаги вазифани бажариш жараёнида қонунбузарликнинг олдини олишда шахсий намуна кўрсатди.
У фуқаро томонидан ўзига нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатларни суд органларига юбормаслик эвазига пора сифатида таклиф қилинган пулни олмай, бу ҳақда раҳбариятга хабар берди. Ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор тадбир давомида пора бермоқчи бўлган фуқаро ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Бундай хизмат намунаси нафақат ходимнинг олий маънавий фазилатларини кўрсатади, балки ички ишлар органлари ходимлари орасида ҳалоллик ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни янада мустаҳкамлайди. Ҳар бир ходим учун бу намуна сифатида намоён бўлиши лозим.
Ҳақиқатан ҳам, бурчга ва хизматга садоқат бу фақат кўрсаткич эмас, балки ҳар бир ходимнинг юрагидаги ишонч ва Ватанга муҳаббатдир.
Саминжон ҲУСАНЗОДА, ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
