Президент қарорлари ижроси: Навоийда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича янги босқич
2026-02-08 00:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1 ва ПҚ–2-сонли қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида Навоий шаҳрида қатор манзилли ва амалий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Навоий шаҳридаги “Кимёгар” маҳалласида кенг қамровли ўрганишлар ташкил этилди. Ушбу ўрганишларда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳамда бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Ўрганишлар давомида маҳалла ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларни жойида ҳал этиш масалаларида маҳалла “еттилиги” вакилларининг ўрни ва масъулиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар ўз ваколатларидан самарали фойдаланиши, аҳоли билан мунтазам мулоқот олиб бориши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, Президентнинг “Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари”га бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар асосида “пойтахт намунаси”ни ҳудудларда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича Чилонзор тумани тажрибасини Навоий вилоятида татбиқ этиш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди.
Айни пайтда Навоий шаҳрида 33 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларга 17 нафар раҳбар ва 33 нафар масъул ходим номма-ном бириктирилган. Бундан ташқари, вилоят Маҳаллалар уюшмаси қошида доимий фаолият юритувчи тезкор штаб ташкил этилди.
Давлат хавфсизлик хизмати, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, Ички ишлар бошқармаси ҳамда бошқа масъул идоралар раҳбарлари иштирокида маҳаллалар уюшмасида ўтказилган йиғилишда маҳалла ва жамоат жойларида криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар билан манзилли ишлаш тизимини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда оилавий-турмуш муносабатларига оид жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-маиший муаммолари, ижтимоий профилактика, кибер, уюшган ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш, шунингдек фуқаролар мурожаатларига тезкор муносабат билдириш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Президент қарорларидан келиб чиқиб белгиланган вазифаларни тизимли, мувофиқлаштирилган ва натижадорликка йўналтирилган ҳолда амалга ошириш, бажарилган ишлар юзасидан мунтазам ҳисобот бериб бориш ҳамда маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш устувор вазифа этиб белгилаб олинди. Мазкур йўналишдаги ўрганишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилади.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати






