Мурожаат, мулоқот ва ечим — Тошкент вилоятида оммавий сайёр қабуллар давом этмоқда
2026-02-07 16:30:00 / Янгиликлар

Аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни манзилли ҳал этишга қаратилган навбатдаги оммавий сайёр қабул Тошкент вилояти ҳокими бошчилигида ташкил этилди. Унда вилоят ИИББ, суд, прокуратура, Мажбурий ижро бюроси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.
Президент Халқ қабулхонаси Тошкент вилояти бошқармасида бўлиб ўтган сайёр қабул давомида ички ишлар органлари фаолиятига оид мурожаатлар вилоят ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков томонидан кўриб чиқилди.
Қабул жараёнида аҳолининг тергов, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фуқароликни расмийлаштириш ҳамда бошқа йўналишларга оид 20 га яқин мурожаатлари қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти қабулнинг ўзида ва муҳокамалар жараёнида ижобий ҳал этилди.
Қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар юзасидан эса уларни қонуний тартибда ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Умуман олганда, сайёр қабул давомида юқорида қайд этилган ташкилот раҳбарлари томонидан вилоят аҳолисининг 200 дан ортиқ турли мазмундаги мурожаатлари кўриб чиқилди.
Бу каби очиқ мулоқотлар давлат идораларининг халққа хизмат қилишини таъминлаш, фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш ҳамда аҳоли ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









