Бухоро вилояти Шофиркон туманида профилактика инспекторлари фаолиятини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилмоқда
2026-02-07 16:25:00 / Янгиликлар

Шофиркон туманида жиноятчиликни жиловлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва профилактика инспекторлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтди. Унда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда туман ҳокими иштирок этиб, соҳа вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилдилар.
Тадбирнинг аввали танқидий-таҳлилий руҳда бошланди. Кун тартибидаги асосий масала, тумандаги криминоген вазияти мураккаб “қизил” ва “сариқ” тоифага киритилган маҳаллаларни жиноятдан ҳоли “яшил” ҳудудга айлантириш чоралари бўлди. Раҳбарлар ҳар бир инспекторнинг ўз хизмат ҳудудидаги фаолиятига алоҳида тўхталиб, жиноятчиликнинг олдини олишда сусткашликка йўл қўяётган ходимларнинг иши қаттиқ танқид остига олинди. Уларга вазиятни ўнглаш, аҳоли тинчлигини таъминлаш бўйича аниқ муддат ва топшириқлар белгиланди.
Учрашувнинг иккинчи қисми очиқ ва самимий мулоқот шаклида давом этди. Унда “Маҳаллабай” ишлаш тизимида инспекторлар дуч келаётган муаммолар, хизмат давомидаги тўсиқлар ва соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар тингланди. Раҳбарлар ҳар бир мурожаатни эътиборга олиб, уларнинг ечими бўйича масъулларга кўрсатмалар бердилар.
Тадбирнинг энг кутилган ва мотивацион қисми туман ҳокимининг мурожаати бўлди. Ҳоким ўз ҳудудида жиноятчиликка барҳам бериб, маҳалласини тўлиқ “яшил” ҳудудга айлантирган фидойи ходимларни муносиб рағбатлантириш механизмини эълон қилди.
Унга кўра, чорак ва йил якунлари бўйича юқори натижаларга эришган профилактика инспекторларига рўзғор учун зарур бўлган қимматбаҳо маиший техникалар олиб берилиши, йил якунида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган ходимларни эса оилавий тарзда чет элга саёҳатга юборилиши ваъда қилинди.
Ушбу ташаббус профилактика инспекторларига катта ишонч ва куч бағишлади. Учрашув сўнггида профилактика инспекторлари билдирилган ишончни оқлашга, Шофиркон туманини жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш йўлида бор куч-ғайратлари билан хизмат қилишга сўз бердилар.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати








