Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Наманган давлат техника университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2026-02-07 12:55:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг барвақт олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланишининг олдини олиш, шунингдек, мазкур йўналишда профессионал кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Наманган давлат техника университети раҳбарлари ва соҳага дахлдор масʼул ходимлар иштирокида ўртасида учрашув ўтказилиб, унда ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Мазкур меморандум доирасида томонлар кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кенгайтириш, рақамли маконда юзага келаётган янги турдаги хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича самарали ҳимоя чораларини ишлаб чиқиш, автоматлаштирилган ақлли тизимлар ва замонавий дастурий маҳсулотларни яратиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Шунингдек, Наманган давлат техника университети ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси қошида киберхавфсизлик йўналишида инновацион малака ошириш марказини ташкил этиш, талабалар ва ИИБ ходимлари учун қўшма ўқув курслари, семинар ва тренинглар ўтказиш, талабаларнинг ИИБ бўлинмаларида амалиёт ўташни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Тадбир доирасида университет вакиллари бошқарма ҳузуридаги ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Тезкор бошқарув маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Уларга яратилган шарт-шароитлар ва мавжуд техник имкониятлар юзасидан батафсил маʼлумотлар бериб ўтилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати








