Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга бутун умрини бағишлаган, эл-юрт ҳурматига сазовор генерал-майор Жанабай Палимович Шилмановнинг вафоти муносабати билан чуқур ва самимий таъзия изҳор этамиз
2026-02-07 12:15:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида кўп йиллар давомида самарали фаолият юритган, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ишига муносиб ҳисса қўшган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист”, 2-даражали “Меҳнат фахрийси”, истеъфодаги генерал-майор Жанабай Палимович Шилманов жорий йилда 86 ёшида вафот этди.
Марҳумнинг вафоти муносабати билан оила аъзолари, яқинлари ва барча устоз-шогирдларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Жанабай Палимович Шилмановнинг ҳаёт йўли ва хизмат фаолияти
Генерал-майор Жанабай Палимович Шилманов 1940 йил 16 ноябр куни Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида туғилган.
1957 йилда туман марказидаги ўрта мактабни тамомлаб, 1957–1962 йилларда Тошкент давлат педагогика институтининг инглиз филологияси факультетида таҳсил олган ва уни имтиёзли диплом билан муваффақиятли якунлаган.
Меҳнат фаолиятини 1962–1965 йилларда Тинч океани ҳарбий-денгиз флоти сафида инструктор сифатида бошлаган. Мазкур хизмат давомида унга дастлабки “лейтенант” ҳарбий унвони берилган ҳамда “Алоҳида хизматлари учун” медали билан тақдирланган. Кейинчалик Кегейли туманидаги ўрта мактабда ўқитувчи, туман ёшлар кенгаши раиси лавозимларида фаолият юритган.
1966 йилда Давлат хавфсизлик қўмитаси сафига қабул қилиниб, Минск шаҳридаги махсус мактабни тамомлаган ва ушбу хизматнинг олий махсус жанговар тайёргарлигидан ўтган. 1980–1981 йилларда “Каскад–2” махсус гуруҳи таркибида Афғонистонда жанговар хизмат вазифаларини бажарган.
Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитасида бўлим бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитаси бошлиғининг ўринбосари, 1983–1987 йилларда эса Қорақалпоғистон Республикаси партия қўмитасининг Маъмурий бўлими бошлиғи лавозимларида масъулиятли фаолият олиб борган.
1987 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, 1991–2002 йилларда эса Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида хизмат қилиб, тизим ривожи ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшган.
Эл-юрт олдидаги фидокорона хизматлари учун Жанабай Палимович Шилманов “Ички ишлар генерал-майори” олий ҳарбий унвони, 2-даражали “Шон-шараф” ордени ҳамда “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони билан тақдирланган.
Жанабай Палимович ва рафиқаси Клара опанинг тўрт нафар фарзанди олий маълумотли бўлиб, улардан икки нафари отасининг касбини муносиб давом эттирган.
2002 йилдан нафақага чиққан генерал-майор Ж.Шилманов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида қўмита раиси, шунингдек Конституциявий назорат қўмитаси раиси лавозимларида ҳам узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган.
Фидойи инсон, муҳтарам нуроний, ҳурматли устоз Жанабай Палимович Шилмановнинг ёрқин хотираси халқимиз қалбида абадий сақланиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги
