Устоз — шогирд. Тажриба ва шижоат уйғунлашганда
2026-02-06 23:00:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ёш ходимларни Ватанга муҳаббат, касбга садоқат ва хизмат интизомига итоат руҳида тарбиялашда бошқарма Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Абдуваҳоб Мирзақуловнинг жонсараклиги эътироф этишга арзийди.
У 30 йилга яқин фаолиятини йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига бахшида этиб, бой амалий тажриба тўплаган. Оддий инспекторликдан бошқарма бошлиғигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтган.
Шогирдлар эҳтиромида пенсияга чиққан устознинг касбини ўғли, лейтенант Сардорбек Мирзақулов муносиб давом эттирмоқда. У айни пайтда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси навбатчилик қисмида фаолият кўрсатяпти.
Абдуваҳоб Мирзақуловнинг ташаббуси билан соҳада янги иш бошлаган ёш ходимларга фахрийлардан мураббийлар бириктирилган. Ёшлар ва устоз-мураббийлар иштирокида тез-тез уч авлод учрашувлари, суҳбат ва мулоқотлар ўтказиб келинади.
Масалан, Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳам тизимда ишлаётган ёшлар билан ана шундай учрашув бўлиб ўтди.
Бугунги шиддатли замонда ҳар бир ёш ходим мунтазам ўқиб, изланиши керак, — дейди у. — Айниқса, сиёсий ва ҳуқуқий адабиётларни ўқиб, қонунчиликдаги янгиликдан бохабар бўлиб турса, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатларини аямади.
Биров савол берса, иккиланиб қолмайди. Шу боис мен шогирдларимга китоб ва газета ўқишни маслаҳат беришдан эринмайман.
Бундан ташқари, истеъфодаги подполковник Абдуваҳоб Мирзақулов вилоят ИИБ ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти билан ҳамкорликда бемор ётган ва боқувчисини йўқотган фахрийларнинг ҳолидан мунтазам равишда хабар олиб турибди.
Масалан, яқинда шу тизимга меҳнати сингган, Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи, 90 ёшли истеъфодаги майор Орифжон Ботиров, Қўқон шаҳар ИИБ ЙҲХБ бошлиғи лавозимида ишлаган, II гуруҳ ногирони, 70 ёшли Муҳаммаджон Қўлдошев, Ўзбекистон тумани ва Қўқон шаҳар ИИБ ЙҲХБ катта инспектори лавозимида хизмат қилган, 72 ёшли Анваржон Жўрақуловларнинг хонадонига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олишди. Эҳтиромдан боши осмонга етган фахрийлар кенгаш аъзоларига миннатдорлик билдириш баробарида, ёш ходимларга ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришди.
Устозлар тажрибаси биз ёшлар учун жуда катта маънавий бойлик саналади, уларни имкон қадар ўрганишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди катта лейтенант Достонбек Бозоров.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
