Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчилик профилактикасида «Чилонзор тажрибаси» жорий этилмоқда
2026-02-06 09:00:00 / Янгиликлар

Қарши шаҳрида ПҚ-1 ва ПҚ-2 қарорлари ижроси доирасида «Чилонзор тажрибаси» асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик профилактикасини кучайтириш, бозорлар фаолиятини рақамлаштириш ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирокида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган кенгайтирилган хизмат олди йўриқномаси ўтказилди.
Йўриқнома давомида патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари томонидан туну кун, уч сменали хизматни ташкил этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий йўналишлар ва устувор вазифалар атрофлича тушунтириб берилди.
Шунингдек, профилактик ишлар фақат умумий тарзда эмас, балки ҳар бир хонадон ва оила кесимида олиб борилиши, таълим муассасалари, маҳалла ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликни янги, самарали форматга ўтказиш, марказий кўчалар ва жамоат жойларида тартиб-интизомни таъминлаш ҳамда жиноят содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларда барвақт олдини олиш мақсадида рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш вазифалари белгилаб берилди.
Бу борада ҳар бир маҳалла кесимида масъуллар номма-ном бириктирилиб, белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқлар юклатилди.
Алоҳида эътибор ҳуқуқбузарликлар кўп кузатилаётган ва хавф даражаси юқори бўлган, шартли равишда «қизил» тоифага киритилган маҳаллаларга қаратилди. Ушбу ҳудудларда комплекс профилактик тадбирларни кучайтириш, айниқса, оила-турмуш муносабатлари, ёшлар ҳамда муқаддам судланган шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган ишлар изчил ташкил этилмоқда.
Шунингдек, ҳудудлардаги марказий бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, савдо жараёнларини хавфсиз ва тартибли ташкил этиш, қисқа муддатларда рақамлаштириш жараёнларини якунлаш ҳамда яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Мазкур чора-тадбирлар маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









