Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Қоровул қўшинлари қўмондонлиги 7531-сонли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларига бир қатор устувор вазифалар белгиланди
2026-02-06 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич Қоровул қўшинлари қўмондонлигига қарашли 7531-сонли ҳарбий қисмга ташриф буюриб, мазкур қисмда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида вазир ўринбосари мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ички ишлар органлари ва қоровул қўшинлари олдида турган устувор вазифалар, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги ва касбий маҳоратини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ташриф доирасида вазир ўринбосари ҳарбий қисм ҳудудида жойлашган Қоровул қўшинлари тарихий музейи ҳамда тиббиёт пункти фаолияти билан яқиндан танишди.
Музейда қўшинлар тарихи, хизмат йўли ва эришилган ютуқлар акс эттирилган экспонатлар кўздан кечирилиб, уларни асраш ва бойитиш масалалари юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, тиббиёт пунктида ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, профилактик кўриклар ташкил этилиши, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари ҳамда дори-дармон ва тиббий жиҳозлар билан таъминланганлик ҳолати билан яқиндан танишиб, ҳарбий хизматчилар соғлигини сақлаш, касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида шахсий таркибнинг хизмат ва яшаш шароитларини янада яхшилаш, ёш ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига эътиборни кучайтириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Ҳарбий хизматчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи





