Тошкент шаҳар Яккасарой туманида Криминология тадқиқот институти иштирокида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сайёр қабул ўтказилди
2026-02-06 09:00:00 / Янгиликлар

Яккасарой туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида сайёр қабул ташкил этилди. Мазкур учрашув очиқ мулоқот, амалий ёрдам ва реал ечимлар майдонига айланди.
Сайёр қабул пробация рўйхатида турувчи ҳамда жазони ўтаб қайтган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва жамиятга қайта мослашувига кўмаклашиш масалаларига бағишланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов, Криминология тадқиқот институти бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев, туман судлари ва ҳокимлик масъуллари, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Учрашув давомида ҳар бир мурожаат ортида турган тақдир ва муаммолар алоҳида эътибор билан тингланди. Пробация ҳисобида турувчи ва жазони ўтаб қайтган хотин-қизларнинг бандлик, касб-ҳунар эгаллаш, ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир мурожаатлари жойида ўрганилиб, манзилли чоралар белгиланди.
Ишга жойлаштириш, касбга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш йўналишларида масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Мазкур сайёр қабул инсон қадри, ижтимоий адолат ва меҳр-оқибат тамойиллари устуворлигини амалда намоён этиб, давлат органлари ҳамда жамоатчилик ҳамкорлигининг яна бир муҳим намунаси бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти









