Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган “Заковат” ўйинининг вилоят босқичи ўтказилди
2026-02-06 09:00:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, сиёсий ва ижтимоий жараёнларда муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларни ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2025 йил 7 декабрь кунги тегишли кўрсатмаси ижросини таъминлаш, шунингдек, ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган аёл ходималар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Мазкур тадбир аёл ходималарнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, онгу тафаккури, дунёқараши ва маънавиятини бойитиш, шу билан бирга уларнинг хизмат фаолиятидаги фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Беллашув давомида иштирокчилар турли соҳаларга оид билим ва тафаккур даражасини намоён этиб, жамоавий ишлаш кўникмалари ва зеҳний салоҳиятини синовдан ўтказдилар.
Қизғин ва баҳсли руҳда ўтган интеллектуал ўйин натижаларига кўра:
1-ўринни “ЗИЁЛИЛАР” жамоаси
2-ўринни “ХУМО” жамоаси
3-ўринни “ID WOMAN” жамоаси эгаллади.
Ғолиб ва совриндор жамоалар Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, бундай интеллектуал тадбирлар ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган хотин-қизларнинг билим салоҳиятини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда хизматдаги самарадорликни янада юксалтиришга хизмат қилади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









