Хизматга садоқатнинг мукофоти: Бухоро вилояти Вобкент туманида профилактика инспекторлари билан бўлган учрашувда кутилмаган имкониятлар эълон қилинди
2026-02-06 09:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг 27 январь кунги видеоселектор йиғилишида белгилаб берган «Темир интизом» ва соҳада янги тизим яратиш бўйича топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Вобкент туманида ўзгача форматдаги учрашув бўлиб ўтди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Вобкент тумани ҳокими ҳамда туман прокурори иштирокидаги мазкур тадбир расмиятчиликдан йироқ, тўғридан-тўғри мулоқот тарзида ташкил этилди.
Унда асосий эътибор профилактика инспекторларининг фаолият самарадорлигини ошириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Йиғилиш аввалида раҳбарлар тумандаги жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган маҳаллалардаги аҳволни кескин танқид остига олдилар.
Хусусан, айрим профилактика инспекторларининг ҳудудидаги вазиятни тўлиқ назорат қилмаётганлиги, «Маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликдаги ишларнинг номигагина олиб борилаётганлиги, оқибатда оилавий низолар ва олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар содир этилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бошқарма бошлиғи ҳар бир бепарволик ортида инсон тақдири ётганлигини эслатиб, ишга масъулиятсиз ёндашган ходимларга нисбатан муросасиз бўлиш, фаолиятида туб бурилиш ясаш лозимлигини уқтирди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида эса «жазолаш эмас, рағбатлантириш» тамойили илгари сурилди. Вобкент тумани ҳокими жиноятчиликни жиловлашда фидойилик кўрсатаётган ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича янги рағбатни эълон қилди.
Ой ва чорак давомида ўз хизмат ҳудудини «жиноятдан ҳоли» зонага айлантирган инспекторлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади, йил якуни бўйича эса энг юқори натижа кўрсатган профилактика инспектори оиласи билан биргаликда чет элга саёҳатга юборилиши маълум қилинди.
Самимий руҳда ўтган мулоқот давомида профилактика инспекторлари ўзларини қийнаётган масалалар – хизмат уйи билан таъминлаш, оилавий шароитни яхшилаш, моддий-техник таъминот ва ортиқча қоғозбозлик каби тўсиқлар ҳақида очиқ гапирдилар.
Раҳбарлар ҳар бир мурожаатни жойида ҳал этиш бўйича масъулларга кўрсатмалар бериб, «Талабга яраша шароит ҳам бўлади», деган ғояни тасдиқладилар.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати







