Соҳа фидойилари. Касбидан обрў топиб
2026-02-05 14:45:00 / Янгиликлар

Тахиатош тумани ҳудудидаги темирйўлнинг захира йўналишидан рельслар ўғирлаб кетилгани тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига хабар берилди. Хабар асосида айтилган манзилга етиб борган тезкор гуруҳ аъзолари энг аввало воқеа жойидаги ҳолатни ўрганишди. Рельсларни олиб кетиш учун келган кишиларнинг пойабзаллари ва автотранспорт воситалари шиналаридан қолган излардан намуналар олинди.
Гап шундаки, ўғирланган рельслар анча оғир бўлиб, уларни махсус техникасиз олиб кетиш амри маҳол эди. Яқин орада эса бу турдаги техника воситалари саноқлигина. Тезкор гуруҳ таркибидаги кичик сержант Нурлан Қунназаров ўзига бириктирилган хизмат ҳудудидаги кўпчиликни танигани боис, гумон қилинувчилар рўйхатини тузиш унчалик кўп вақт олмади.
Суриштирув, текширув давомида махсус техника воситаларидан бирининг шина излари воқеа жойидан олинган изларга ўхшаб кетиши аниқланди. Шу сабабли унинг эгаси билан якка тартибда суҳбат ўтказилди. У ўз навбатида транспорт воситасини яқин орада ўғли бошқариб, ишлари билан бир-иккита жойга чиқиб келганини айтди.
Аксига олиб, шу пайтда хонадон соҳибининг ўғли уйда эмасди. Уни излаб топиш чоралари кўрилди.
Йигит билан ўтказилган суҳбат аввалида у юз берган ўғриликка алоқаси йўқлигини айтди. Лекин воқеа жойидан олинган ашёвий далиллар қаршисида ожиз қолиб, кейинчалик айбини тан олишга мажбур бўлди. Шу тариқа Н. Қунназаровнинг тўғри хулоса чиқариши натижасида жиноят қисқа вақт ичида фош этилди.
Албатта, лавҳамиз қаҳрамонининг фаолияти давомида бундай натижаларга эришишида тизимдаги кўп йиллик тажрибаси қўл келмоқда. У айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасининг Хўжайли бекатида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси ППХ бўлинмаси командири лавозимида хизмат қилиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида эришган ютуқлари учун кўп бора рағбатлантирилган.
- Албатта, инсон ўз касбига меҳр бериб, вазифасига масъулият билан ёндашса, ундан обрў топиши турган гап. Кичик сержант Нурлан Қунназаров ана шу жиҳатлари, қолаверса тўғрисўзлилиги ва хушмуомалалиги билан ёш ходимларга намуна бўлиб келмоқда. Тажрибали ходим сифатида кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирган. Хизмат ҳудудимизда тинчлик-осойишталик ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни аниқлашда унинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, — дейди Хўжайли бекатида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси бошлиғи, подполковник Атабек Машарипов.
Нурлан Қунназаров хизматда тажирбали ходим бўлиш билан бирга намунали оила бошлиғи ҳам ҳисобланади. Турмуш ўртоғи Гулжаҳон Нуранова билан 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Ўғли Руслан ота касбини давом эттириш ниятида ҳозир ИИВ Академиясида таҳсил олмоқда.
Азамат Пирниязов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Қорақалпоғистон Республикаси
