ИИВ Академияси ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилояти ҳудудидаги маҳаллаларда тизимли ўрганишлар олиб борилмоқда
2026-02-05 11:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги ПҚ–1-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини илмий асосда такомиллаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Академияси ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилояти ҳудудидаги маҳаллаларда тизимли ўрганишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, таълим муассасаларида профилактик ва тарғибот тадбирлари изчил ташкил этилмоқда.
Хусусан, Академиянинг тажрибали профессор-ўқитувчилари ҳамда магистратура тингловчилари томонидан Чирчиқ шаҳридаги «Бирлик», «Нур», «Мирзо Ғолиб» ва «Ёшлик» маҳаллаларида сўнгги уч йил давомида содир этилган жиноятлар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар чуқур таҳлил қилинди. Таҳлил натижаларига кўра, мазкур маҳаллаларнинг криминоген паспортлари янгиланиб, энг кўп учраётган жиноят турларига қарши курашиш устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Ўрганишлар «илмий хулоса – тавсия – амалий натижа» тамойили асосида олиб борилиб, Чирчиқ шаҳрининг ижтимоий ва ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда самарали «ҳудуд тажрибаси»ни шакллантиришга қаратилди. Ушбу ёндашув ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини янада такомиллаштириш ва амалий самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ўрганиш жараёнида фақат статистик кўрсаткичлар билан чекланиб қолинмасдан, масъуллар томонидан амалга оширилаётган манзилли профилактик тадбирларнинг самарадорлиги, ҳуқуқбузарликка мойил шахслар билан ишлашдаги мавжуд муаммолар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган маҳаллий дастурлар ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, кибержиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашиш масалаларига бағишланган профилактик-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида ёшларга амалдаги қонунчилик талаблари, замонавий хавф-хатарлар ҳамда уларнинг олдини олиш механизмлари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилмоқда.
Мазкур илмий-амалий чора-тадбирлар келгусида Чирчиқ шаҳридаги ушбу маҳаллаларни хавфсиз, жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, шунингдек аҳоли осойишталиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати





