Бухорода жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизими жорий этилмоқда
2026-02-05 10:40:00 / Янгиликлар

Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов вилоят ИИБ Тезкор бошқарув марказида бўлиб, жамоат хавфсизлигини бошқаришда жорий этилаётган янги тизим ва лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотлар давомида патруль-пост ва профилактика хизматларини тун-у кун 3 сменали режимга ўтказиш, хабар келиб тушганидан сўнг 5 дақиқа ичида воқеа жойига етиб боришни таъминлаш, қўриқлаш хизмати фаолиятини такомиллаштириш ҳамда сунъий интеллект ва дронлар ёрдамида маҳаллалар ва одамлар гавжум жойларда назоратни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили, Тезкор бошқарув марказининг жиноятчиликка қарши курашишдаги самарадорлиги ҳам муҳокама қилинди.
Ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги томонидан Бухоро вилояти ички ишлар органларига 26 та янги хизмат автомобили ажратилиб, улар жиноятчиликни жиловлаш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тантанали маросимда янги транспорт воситалари соҳадаги ходимларга бўлган юксак эътибор ва ишончнинг ифодаси экани таъкидланди.
Шунингдек, вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Бухоро туманида хавфсиз муҳит яратиш бўйича ўрганишлар олиб борилиб, Президент қарорлари ижроси, маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, жамоатчилик билан ҳамкорлик, мурожаатлар билан ишлаш сифати ҳамда ёшлар, аёллар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар билан ишлаш масалалари муҳокама қилинди. Белгиланган вазифалар ижроси қатъий назоратга олиниши таъкидланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









