Оталиққа олинган ёшлар. Эртанинг эгалари
2026-02-04 23:00:00 / Янгиликлар

Яккасарой туманида оталиққа олинган оғир тоифадаги ёшлар билан манзилли ишлар тизимли равишда йўлга қўйилган. Бугунги кунда туман бўйича жами 202 нафар алоҳида эътибор талаб этувчи ёшлар рўйхати шакллантирилган. Уларнинг ҳар бири туман ҳокими, прокурори, ИИО ФМБ бошлиғига номма-ном бириктирилган.
Хусусан, туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Алишер Муродов ва ўринбосарлари томонидан 64 нафар ёш оталиққа олиниб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунчаки рўйхат шакллантириш билан иш битмайди. ИИО ФМБ раҳбарияти ҳар бир ёшнинг хонадонига кириб, улар билан юзма-юз суҳбатлашилди. Ўрганишлар натижасида 21 нафар ёшни қийнаб келаётган муаммолар аниқланди.
Аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш, фуқаролик паспортини расмийлаштириш, ёшларнинг билим олишини қўллаб-қувватлаш учун чет тилларини ўргатиш курслари ҳамда олий таълим муассасаларидаги шартнома тўловларини қоплаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Масалан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 3-босқич талабаси М.Рўзимовнинг 7 миллион сўмлик шартнома пули тўлаб берилди. Бу нафақат моддий ёрдам, балки бир йигитнинг илм олишига ва келажакка бўлган ишончига тикилган сармоя.
Бундан ташқари, У. Абилов ҳамда В. Долгихларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат олишда амалий ёрдам берилди.
Шунингдек, ёшлар ўртасида очиқ мулоқотлар ҳам ташкил этилмоқда. Хусусан, «Раҳбар ва ёшлар» учрашувларида контракт тўловлари, бандлик ва тадбиркорликка оид мурожаатлар тингланиб, жойида ечим чоралари белгиланмоқда.
Ёшлар билан ишлаш шунчаки ҳисобот эмас, балки эртанги кунимиз эгаларининг тақдирига дахлдорликдир. Туман ИИО ФМБ томонидан амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар «Ҳеч бир ёш эътибордан четда қолмайди» деган эзгу тамойилнинг амалдаги ифодасидир.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.
