Интерпол Миллий марказий бюросининг халқаро ҳамкорлиги қидирувдаги шахсни БААдан экстрадиция қилиш имконини берди
2026-02-04 09:00:00 / Янгиликлар

Бирлашган Араб Амирликларидан Интерпол каналлари орқали қидирувда бўлган фуқаро Ўзбекистон Республикасига олиб келинди.
Интерполнинг Тошкент ва Абу-Даби Миллий марказий бюроларининг яқин ҳамкорлиги натижасида Бирлашган Араб Амирликларидан фирибгарлик жиноятини содир этгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз ташаббуси билан халқаро қидирувда бўлган фуқаро Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилинди.
Экстрадиция икки давлат ваколатли органлари ўртасидаги мувофиқлаштирилган фаолият ҳамда Интерпол каналларидан фойдаланган ҳолдаги самарали ҳамкорлик туфайли амалга оширилди.
БАА ва бошқа хорижий давлатлардан экстрадиция қилинаётган қидирувдаги шахслар сонининг ошиши ишчи учрашувлар ва музокаралар давомида шакллантирилган, амалдаги халқаро келишувларга асосланган ҳамда барча ҳуқуқий тартиб-таомилларга қатъий риоя этилган ҳолда Миллий марказий бюролар ўртасида йўлга қўйилган барқарор икки томонлама алоқалар натижасидир.
Ушбу иш трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш ва жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган.
Ҳозирда фуқаро қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортиш ҳамда суд олдида жавоб учун ваколатли органларга топширилган.
Ўзбекистон Республикасидаги Интерполнинг Миллий марказий бюроси

